Коронавирус пандемияси даврида айрим ижтимоий тармоқ ва турли мессенжерларда ўз тасдиғини топмаган ҳамда расмий манбалардан олинмаган маълумотлар тарқатилиши кузатилмоқда.

Санитария-эпидемиологик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабековнинг Зангиота шифохонаси ҳақида салбий фикрлари акс этган аудио юзасидан Нурмат Отабеков ЎзА мухбирига шундай деди:

- Мазкур йиғилишда, ҳатто иштирок ҳам этмадим, - дейди Нурмат Отабеков.- Овоз меники эмас. Овозимни пандемия давридаги чиқишларим туфайли бутун мамлакат аҳолиси деярли таниб улгурган. Мен ҳеч қайси шифокорни танқид қилмадим. Овозимни ўхшатиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиш муттаҳамликдан бошқа нарса эмас. Зангиота шифохонасига келсак, у ердаги шарт-шароит билан ҳали яқиндан танишиб улгурмадим. Аммо айнан мазкур шифохонада даволаниб, шифо топаётган беморлар билан суҳбатлашганман. Ҳатто мендан айнан шу шифохонада ётиб даволанишда ёрдам беришим учун амалий ёрдам сўраганлар бор. Иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Шифохонада ҳам камчиликлар бордир эҳтимол, аммо мен шахсан текшириб кўрмаганман. Ҳозир гап мени номимдан сохта аудио чиқариб, ижтимоий тармоқларда тарқатаётган шахслар ҳақида. Мен ОАВ ходимларининг ҳар қандай саволига жавоб беришга, улар сўраганда шахсан интервью беришга тайёрман.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.