Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ўғил фарзанд кўргани ҳақида маълумот берди.

Саида Мирзиёева ўғил фарзандли бўлди.
Барчамиз учун ҳали-ҳамон қийин бўлса-да, ҳаёт давом этмоқда. Одамлар тўйларда хурсандчилик қилмоқда, болалар дунёга келмоқда. Биз ҳам кўпайишдик — жажжи Шавкатжон, бизнинг қуёшимиз. Биз у билан яқинда танишдик, лекин биринчи учрашувимиздаёқ ўртада шунчалар кучли муҳаббат пайдо бўлдики, биз кунига 24 соат бирга бўламиз :) Оналар бунинг нима эканини билишади.

Мен эса муҳаббатнинг аёлларга барча дилхираликларга дош бериши ва кечиришига ёрдам берувчи куч экани ҳақида ўйлайман. Бахтли ва энг яхши дамларни кутиш, болалар ўсиб-улғайгунча ёнида бўлиш, уларга таянч бўлиш ва кейин тин олиш мумкин. Нима қилсак ҳам, бизни доим муҳаббат бошқаради.

Ҳозир ўғлим билан эртаклар эмас, балки янгиликлар садоси остида ухлаяпмиз. Хотин-қизлар ва журналистларга нисбатан судлов механизми тезкор ва шиддатли бўлиб, бор кучи билан ишлаётганини кўриш мен учун оғир. Эркаклар ва амалдорларга келганда бу тизим кўпинча тўхтаб қолади. Бир вақтнинг ўзида ҳақоратларга муносиб жавоб учун озодликдан маҳрум қилиш ва саккиз йиллик хўрлик остида яшаганларни ярашув билан «жазолаш» мумкин эмас. Қиз болага ожиза ва итоаткор бўлгани учунгина буюмдек қараш, дили оғриган-оғримаганини унинг учун ҳал қилиш мумкин эмас. Шахсий фикри учун таъқиб қилиш мумкин эмас. Агар биз адолат тарафдори бўлсак, қонун иккала томон учун бир хил ишласин. Агар биз бахтли мамлакатда яшашни истасак, аёлларни эркаклар приоритетларидан, журналистларни эса босимдан ҳимоя қилишимиз керак.

Аёлларга келсак: қўлимизда бола бўлганида, ҳар бир жабҳада эркаклар билан тенглашиш биз учун шундоқ ҳам қийин, ҳар биримиз фарзанд туғилганида карьерамизнинг бир неча йилини йўқотамиз. Шунга қарамай, баъзан бизга яна айблов ҳам қўйишади.

Тўрт йил олдин Президентимиз сўз эркинлигини ёқлаб чиқди, мамлакатимиз бундан буён тоқат қилмас эканмиз, сукут сақлаб ўтирмаймиз, деган хулосага келди. Шуни ёдда тутишимиз керакки, эндиликда ҳар бир нохуш ҳолат жамоатчиликка ошкор бўлмоқда: биз кичик жиноятлар учун ҳам барча мумкин бўлган моддалар билан оғир жазони қўллаш ҳолатларига гувоҳ бўляпмиз. Агар кимларгадир бунинг акси керак бўлса, жазо юмшайди ва енгиллашади. Одамлар буни кўриб турибди, муҳокама қилишяпти ва адолатга ишонмай қўйишяпти.

Мен журналист ва блогерлар сукут сақламаслигига ва бошланган ислоҳотларни давом эттириш йўлида ҳисса қўшишига қатъий ишонаман. Жамоатчилик фикрининг кучига ишонаман. Олдинда бизни яхши кунлар кутаётганига ишонаман. Агар ҳар ким ўз обрўини сақлаган ҳолда одамлар билан ҳисоблашса, ҳамма иш адолатли ва тўғри бўлади.

Президент топшириғига кўра, айни кунларда туҳматни декриминаллаштириш ҳамда журналистлар фаолиятига тўсқинлик учун жавобгарликка оид икки муҳим қонун ҳужжати ишлаб чиқиш арафасида.

Бу ошкора жамият сари ташланган яна икки катта қадам бўлади. Келинг, буни биргаликда амалга оширамиз. -деб хабар қолдирган Саида Мирзиёева ўзининг телеграм каналида.

#massmediauz #mediafreedom

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.