Нурота туман ҳокими У.Я.Халиловнинг Қурбон ҳайити муносабати билан туман аҳолисига байрам ТАБРИГИ


Азиз тумандошлар,
Қадрли мусулмон биродарлар,

 

Сизларни, Сиз орқали барча оила аъзоларингизни меҳр оқибат, эзгулик ва саховат айёми, ислом оламидаги улуғ байрам, муборак қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ҳар бир хонадонда, маҳаллада кўтаринкилик билан нишонланадиган қутлуғ қурбон ҳайитида ҳаммамиз аввало шундай кунларга етказгани учун Оллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз.

Яхшилик, сабр қаноат ва меҳр эътибор сингари эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган бу байрамнинг маъно мазмуни ҳамда халқимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятини барчамиз чуқур ҳис этмоқдамиз.

 Ҳайит кунлари барча бир-бирини қутлайди, дастурхонлар ёзилади, совға-саломлар улашилади. Яратганга шукроналар айтиб, истиқлолимиз, тинч ва хотиржам ҳаётимиз ҳамда келгуси авлодларимиз ҳақига дуолар қилинади. Бу амалларнинг барчаси савоб, мукофоти эса инсонийлик шарафи ҳисобланади.

 Қадрли тумандошлар,

 Айни вақтда муқаддас ислом динининг буюк инсонпарварлик тамойилларини асраш, тарғиб этиш ҳозирги шиддатли замонда ўта долзарб вазифага айланиб бораётганлигини барчамиз яхши тушунамиз.

Ушбу қутлуғ айёмда ёшларимизга муқаддас динимизнинг асл маъно-мазмунини, унда илгари сурилган умуминсоний ғояларни тушунтириш, уларнинг турли бузғунчи диний ғоялар тўрига илиниб қолишларига йўл қўймаслик ҳақида ўйлаб кўрсак, менимча нур устига аъло нур бўлар эди.

 Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш мамлакатимизда миллий қадрият даражасига етган. Бу каби олийжаноб қадриятлар айниқса, улуғ қурбон ҳайити арафасида янада юқори поғонага кўтарилади.

 Албатта биз ўз диний қадриятларимизни улуғлаб, эъзозлаб яшар эканмиз, ҳозирги юксак технологиялар асрида мустаҳкам иймон-эътиқод билан бирга, замонавий илм фан, касб-ҳунар ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни чуқур ўзлаштириш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим шарти эканлигини яхши англаймиз.

Муборак ҳадисларда айтилганидек, икки дунё саодатини ўйлаб яшаган инсон, халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.

Азиз тумандошлар,

Бугун биз жаҳон ҳамжамияти ҳамда кенг жамоатчилигимизнинг чуқур ташвишига сабаб бўлган ва дунёда кенг тарқалиб минглаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлаётган коронавирус инфекциясига қарши курашишдек синовли ва шу билан бир қаторда сабр матонат даврида турибмиз.

Бироқ, юртимизда бу синовларни мардонавор енгиб ўтиш борасида барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бундай шароитда ваҳима қилишга ҳеч қандай асослар бўлмасада, хотиржамлик ва лоқайдликка берилишга ҳам ҳаққимиз йўқ.

Мамлакатимиз ва халқимизга садоқатимизни намойиш этиб, коронавирус пандемиясини олдини олиш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати моҳиятини чуқур тушуниб етишимиз даркор.

Бугун Сизларга мурожаат қилиб, оғир ва синовли даврда ҳар бир тумандошимиз нафақат ўзи, балки оила аъзолари, яқинлари қолаверса барча тумандошларимиз соғлиғи учун ҳам масъул эканлигини яна бир бор таъкидламоқчиман.

Биз бугун қанчалик оғир синовлар даврида бўлмайлик, кўпни кўрган халқимизнинг сабр матонати ва улкан бунёдкорлик салоҳияти билан барча тўсиқларни енгиб ўтишимизга ишонаман.

Ҳар бирингизни бугун жасорат ва қаҳрамонлик тимсоли сифатида халқимизга фидокорона хизмат қилаётган шифокорларимизнинг тавсияларига амал қилишга ва тушкунликка тушмасдан синовларга қарши бирга курашишга чақираман.

Мамлакатдаги эпидемиологик вазият оғирлашганлиги муносабати билан, аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш  ҳамда эпидемиологларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда 31 июл муқадда Қурбон ҳайити куни ҳамда 1-2 август дам олиш кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш тўхтатилганлиги муносабати билан барчаларингизни дам олиш кунларини оила аъзоларингиз даврасида зарурат бўлмаганда уйдан чиқмаган ҳолда ўтказишларингизни сўрайман.

Бугун вазиятдан келиб чиққан ҳолда кўрилаётган чора-тадбирлар ҳаётимизда айрим чеклашлар, баъзи камчиликларни юзага келтирадиган муаммоларни пайдо қилиши мумкин, лекин уларнинг ҳаммаси ўткинчи, халқимизнинг фаровон турмуши, тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш учун қўлланилаётган тадбирлар эканлигини англашимиз лозим.

 Эзгу орзу ниятлар билан яшаётган халқимиз олдида коронавирус пандемиясини бартараф этишдек улкан синовлар турибди, ушбу синовларни енгиб ўтиш эса, бизнинг ўзимизга, бевосита ҳатти ҳаркатларимизга, сабр тоқатимизга ва шижоатимизга боғлиқ эканлигини асло унутмаслигимиз даркор.

Қадрли тумандошлар,

Барчангизни яна бир бор улуғ қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этган ҳолда, оилаларингизга тинчлик ва фаровонлик, шахсий ҳаётингизда бахт ва саодат тилайман.

Эл юртимизнинг шу муборак кунларда қилган дуолари, эзгу ниялари ижобат бўлсин. 

Жонажон эртимизда, хонадонларимизда тинчлик ва хотиржамлик, файзу барака бардавом бўлсин.

Эзгу ва хайрли ишларимиз, интилишларимизда Яратганнинг ўзи мадаткор бўлсин.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.