Тадбиркор жазодан озод этилди.

Судланувчи Акбаров Саид Амриддинович (исм шарифлар ўзгартирилган) "AZIA-STAR TOMORQA XIZMATI” МЧЖ раҳбари ҳамда таъсисчиси сифатида жамиятнинг Устав жамғармасини шакллантириш учун товарсиз операцияларни (нақдлаштириш) фаолиятини амалга ошириб, турли субъектлардан бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар ва товар моддий бойликлар учун сохта ҳужжатлар расмийлаштириб, жамият ҳисоб рақамига пул маблағларини тушириб, тез харидоргир маҳсулотлар учун ўтказиб бериб, товар моддий бойликларини кирим қилмасдан, жамият ҳисоботларида кўрсатмасдан, ҳисоб рақамига келиб тушган тушумлардан тўланиши лозим бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаб, моддий даромад кўриш мақсадида "AZIA-STAR TOMORQA XIZMATI” МЧЖнинг 2019 йил якуни бўйича Нурота тумани ДСИга тақдим этган ягона солиқ тўлови ҳисоботига нисбатан 34.887.300 сўм, қўшимча қиймат солиғидан 44.918.500 сўм, даромад солиғидан 39.962.500 сўм тўловларни қасддан яшириб, жами 119.831.400 сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаганликда;

Бундан ташқари, 2019 йилги иш фаолияти давомида жамиятнинг корпоратив карточкаси  орқали харид қилиб олинган жами 387.637.900 сўмлик харидоргир маҳсулотларни тергов давомида аниқлаш имкони бўлмаган шахсларга нақд пулга сотиб, ушбу пул маблағларини МЧЖнинг ҳисобхонасига кирим қилиб, белгиланган тартибда банк муассасасига тоширмасдан, ўзининг манфаатлари учун ишлатиб юбориб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.08.2002 йилги "Пул маблағларининг банкдан ташқари муомаласини янада қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 280-сонли қарори талабларига риоя қилмасдан, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдорда бузганликда айбланган.

Шундай қилиб, судланувчи Акбаров Саид Амриддинович Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 184-моддаси 3-қисми ва 189-моддаси билан айбланиб судга берилган.

         Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди раиси З.Ибрагимов томонидан кўриб чиқилиб, судланувчи С.А.Акбаровнинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, шахсини, муқаддам судланмаганлигини, у томонидан содир этилган қилмиш унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киришини, жиноят оқибатида етказилган зарар ихтиёрий қопланганлигини, фуқаровий даъвогарнинг даъвоси йўқлигини, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини инобатга олиб, уни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 66-моддасига асосан жиноий жавобгарликдан озод этилиб, унга нисбатан юритилган жиноят иши ҳаракатдан тугатилди.

Муҳсин Эгамов,

Жиноят ишлари бўйича

Нурота туман суди архивариуси.


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.