Нурота туман ҳокими У.Я.Халиловнинг Рамазон ҳайити муносабати билан туман аҳолисига байрам

ТАБРИГИ

Ассалому алайкум азиз тумандошлар,

Қадрли мусулмон биродарлар,

 

Сизларни, Сиз орқали барча оила аъзоларингизни шу кунларда мамлакатимизда катта шодиёна сифатида нишонланаётган меҳр оқибат, эзгулик ва саховат айёми, ислом оламидаги улуғ байрам, муборак рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Бугун ҳар бир хонадонда, маҳаллада кўтаринкилик билан нишонланаётган қутлуғ рамазон ҳайитида ҳаммамиз аввало шундай кунларга етказгани учун Оллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз.

Яхшилик, сабр қаноат ва меҳр эътибор сингари эзгу фазилатларни ўзида мужассам этган бу байрамнинг маъно - мазмуни ҳамда халқимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятини барчамиз чуқур ҳис этмоқдамиз.

Айни кунларда муқаддас зиёратгоҳлар, табаррук қадамжоларни ободонлаштириш, уларнинг атрофини кўркамлаштириш ишлари янада авж олган. Бу муборак айёмда кексаларга ҳурмат, фарзандларга алоҳида иззат кўрсатилмоқда. Ҳиммату саховат, меҳр-оқибат каби азалий анъаналар юксак поғонага кўтарилмоқда.

Ҳайит кунлари барча бир-бирини қутлайди, дастурхонлар ёзилади, совға-саломлар улашилади. Яратганга шукроналар айтиб, Истиқлолимиз, тинч ва хотиржам ҳаётимиз ҳамда келгуси авлодларимиз ҳақига дуолар қилинади. Бу амалларнинг барчаси савоб, мукофоти эса инсонийлик шарафи ҳисобланади.

Қадрли тумандошлар,

Айни вақтда муқаддас ислом динининг буюк инсонпарварлик тамойилларини асраш, тарғиб этиш ҳозирги шиддатли замонда ўта долзарб вазифага айланиб бораётганлигини барчамиз яхши тушунамиз.

Дунёнинг турли бурчакларида давом этаётган қонли тўқнашувлар, муқаддас динимизни ниқоб қилиб олган турли экстремистик гуруҳлар томонидан содир этилаётган хунрезликлар барчамизга юртимиздаги тинчлик ва фаровон ҳаётнинг қадрига етишни ҳар лаҳза эслатиб турмоғи даркор.

Ушбу қутлуғ айёмда ёшларимизга муқаддас динимизнинг асл маъно-мазмунини, унда илгари сурилган умуминсоний ғояларни тушунтириш, уларнинг турли бузғунчи диний ғоялар тўрига илиниб қолишларига йўл қўймаслик ҳақида ўйлаб кўрсак, менимча нур устига аъло нур бўлар эди.

Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш мамлакатимизда миллий қадрият даражасига етган.Бу каби олийжаноб қадриятлар айниқса, улуғ Рамазон ҳайити арафасида янада юқори поғонага кўтарилади.

Ўзбекистон янги тараққиёт босқичига қадам қўйиб, барча соҳаларда ўзгаришлар ва янгиланишлар кучайиб бораётган бир пайтда буюк алломаларимизнинг қадамжолари, табаррук масканларда кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Уларнинг бебаҳо меросини ўрганиш, тадқиқ қилиш, халқимизга етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлар нафақат туманимизда, балки Ватанимизнинг ҳар бир ҳудудида изчил давом этмоқда.

Албатта биз ўз диний қадриятларимизни улуғлаб, эъзозлаб яшар эканмиз, ҳозирги юксак технологиялар асрида мустаҳкам иймон-эътиқод билан бирга, замонавий илм фан, касб-ҳунар ва инновациялар соҳасидаги ютуқларни чуқур ўзлаштириш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим шарти эканлигини яхши англаймиз.

Муборак ҳадисларда айтилганидек, икки дунё саодатини ўйлаб яшаган инсон, халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.

Азиз тумандошлар,

Бугун биз жаҳон ҳамжамияти ҳамда кенг жамоатчилигимизнинг чуқур ташвишига сабаб бўлган дунёда кенг миқиёсда тарқалиб минглаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлаётган коронавирус инфекциясига қарши курашишдек синовли ва шу билан бир қаторда сабр матонат даврида турибмиз. Бироқ юртимизда бу синовларни мардонавор енгиб ўтиш борасида барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бундай шароитда ваҳима қилишга ҳеч қандай асослар бўлмасада, хотиржамлик ва лоқайдликка берилишга ҳам ҳаққимиз йўқ.

Мамлакатимиз ва халқимизга садоқатимизни намойиш этиб, коронавирус пандемиясини олдини олиш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати моҳиятини чуқур тушуниб етишимиз даркор.

Бугун вазиятдан келиб чиққан ҳолда кўрилаётган чора-тадбирлар ҳаётимизда айрим чеклашлар, баъзи камчиликларни юзага келтирадиган муаммоларни пайдо қилиши мумкин, лекин уларнинг ҳаммаси ўткинчи, халқимизнинг фаровон турмуши, тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш учун қўлланилаётган тадбирлар эканлигини англашимиз лозим.

Бугун Сизларга мурожаат қилиб, оғир ва синовли даврда ҳар бир тумандошимиз нафақат ўзи, балки оила аъзолари, яқинлари қолаверса барча тумандошларимиз соғлиғи учун ҳам масъул эканлигини яна бир бор таъкидламоқчиман.

Биз бугун қанчалик оғир синовлар даврида бўлмайлик, кўпни кўрган халқимизнинг сабр матонати ва улкан бунёдкорлик салоҳияти билан барча тўсиқларни енгиб ўтишимизга ишонаман.

Ҳар бирингизни бугун жасорат ва қаҳрамонлик тимсоли сифатида халқимизга фидокорона хизмат қилаётган шифокорларимизнинг тавсияларига амал қилишга ва тушкунликка тушмасдан синовларга қарши бирга курашишга чақираман.

Эзгу орзу ниятлар билан яшаётган халқимиз олдида коронавирус пандемиясини бартараф этишдек улкансиновлар турибди ушбу синовларни енгиб ўтиш эса, бизнинг ўзимизга, бевосита ҳатти ҳаркатларимизга, сабр тоқатимизга ва шижоатимизга боғлиқ эканлигини асло унутмаслигимиз даркор.

Қадрли тумандошлар,

Барчангизни яна бир бор улуғ Рамазон ҳайити билан самимий муборакбод этган ҳолда, оилаларингизга тинчлик ва фаровонлик, шахсий ҳаётингизда бахт ва саодат тилайман.

Эл юртимизнинг шу муборак ойда қилган ибодатлари, эзгу ниялари ижобат бўлсин.

Жонажон юртимизда, хонадонларимизда тинчлик ва хотиржамлик, файзу барака бардавом бўлсин.

Эзгу ишларимиз, интилишларимизда Яратганнинг ўзи мадаткор бўлсин.

Эътиборингиз учун раҳмат.


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.