Аҳоли ва тадбиркорларга навбатдаги имтиёзлар

Коронавирус пандемияси жаҳон мамлакатлари иқтисодиётига ўз таъсирини кўрсатишига қарамасдан юртимизда ижтимоий-иқтисодий соҳани янада ривожлантириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларни қўллаб қувватлаш, иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, уларнинг даромадларини кўпайтириш мақсадида жорий йилнинг 18 май куни Президентимизнинг ПФ–5996-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонга кўра, 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача бўлган даврда кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш корхоналари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинди.

Шунингдек, Фармонда 2020 йил 15 май ҳолатига ер солиғи ва мол-мулк солиғи бўйича 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳосил бўлган пеня ва жарималар суммаларини ҳисобдан чиқариш кўринишида давлат томонидан қўшимча қўллаб қувватланиши,

тадбиркорлик субъектларига товарлар (ишлар, хизматлар) импорт қилишда қўшилган қиймат солиғини тўлашни 120 кун муддатга кечиктириш олиш ҳуқуқи берилиши;

божхона органларига мурожаат қилган кунгача бир йилдан кам бўлмаган даврда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган микрофирма ва кичик корхоналарга товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини 2020 йил 1 июлгача кечиктиришни қўллаш ҳуқуқи, кейинчалик кечиктирилган суммани 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш шарти билан берилиши;

2020 йил 1 майидан 1 июлгача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналарга (акцизости товарлар ишлаб чиқарувчилар, давлат корхоналари ва устав жамғармасида (кстав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар бундан мустасно) ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилиши;

Давлат солиқ хизмати органлари 2020 йил 15 май ҳолатига микрофирма ва кичик корхоналарнинг банкдаги ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш ва ўтказиш бўйича инкассо топшириқномаларини чақириб олиши;

микрофирма ва кичик корхоналарга 2020 йил 15 май ҳолатига солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича ижро этилмаган тўлов топшириқномаларини қайтариб олиш ҳуқуқи берилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 2020 йил 1 июндан бошлаб қўшимча 10 фоизга оширилиши, 2020 йил 1 октябрга қадар тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларни тўлдириш учун миллий валютада 500 миллион сўмгача бериладиган кредитлар бўйича Жамғарма тўғрисидаги низом талабларини ҳисобга олган ҳолда кредит шартномаси амал қилиш муддати давомида 10 фоизлик пункт миқдорида давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилиши назарда тутилди.

Мазкур Фармон билан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига берилаётган қўшимча имтиёзлар келгусида ижтимоий-иқтисодий соҳа тармоқлари фаолиятини янада барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши шак-шубҳасиз.

Нурота туман адлия бўлими бошлиғи У.С.Сувонов


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.