Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг 2020 йил 1-ярим йиллигига мўлжалланган тарғибот режасига кўра, Нурота туманида жойлашган умумтаълим мактабларида "Мактабимда жиноят бўлмаслиги керак!” рукни асосида тарғибот ишлари ташкил этилмоқда.

Мазкур тадбирларни ўтказишда асосий мақсад – ёшларни қонунга итоаткорона руҳда тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишларини олдини олиш ва жиноятга жазо муқаррар эканлигини чуқур ҳис этишларида кўмаклашиш демакдир.

Худдий шундай тадбирлардан бири Нурота туманида жойлашган

55-умумтаълим ўрта мактабида ташкил этилиб,  унда жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди девонхона мудири Х.Асомов раҳбарлиги асосида Нурота туман ҳудудидаги мактабларнинг  ўқувчилари томонидан содир этилган жиноятлар, уларнинг сабаблари чуқур таҳлил қилинди.

Содир этилган жиноятларнинг кўпчилигини ўғирлик жинояти ташкил этиб, вояга етмаганларнинг осон бойлик топиш мақсадида, содир этаётган қилмиши яширинча қолишига таваккал қилиб, ота-онасининг беэътиборлиги оқибатида келиб чиққан.

Вояга етмаганларнинг жиноят содир этишига энг аввало ота-оналарнинг, таълим бераётган ўқитувчиларнинг бепарволиги, уларнинг турмуш-тарзига жиддий эътибор бермаслиги, жамоатчилик назоратининг йўқлиги, қўни-қўшниларнинг "оч қорним – тинч қулоғим” деган тамойил асосида яшашлиги, таълим бераётган ўқитувчиларнинг ўқувчиларнинг хулқ-атворидаги ўзгаришларини доимий назорат қилмаслиги сабаб бўлган.

Девонхона мудири Х.Асомов ва туман суди судья ёрдамчиси М.Ҳамроева дарс давомида ёшларда уларни буюк келажак кутаётганлиги, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан қабул қилинган "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисига Мурожаатномаси ҳам бевосита ёшлар давлатимиз келажаги эканлигидан далолат бериши, устозлар ва ота-оналар берган ўгитларга оғишмай амал қилиш - келажакда яхши касб эгаси бўлишда муҳим аҳамият касб этиши ҳақида тўхталишди.

        "Мактабимда жиноят бўлмаслиги керак!” рукни асосида тарғибот ишлари суд ходимлари томонидан давом эттирилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди архивариуси М.Эгамов

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР