Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йилнинг 6 декабрь куни имзоланган "Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга ошириш, касаба уюшмаларини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлда қабул қилинган "Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинган. Янги қабул қилинган "Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач яъни 2020 йил 8 мартда кучга киради.

Илгариги қонун,асосан деклоратив характерда бўлиб, аниқ тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳуқуқий нормалар деярли келтирилмаган эди.

"Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонунни ишлаб чиқишда ҳалқаро хуқуқий нормалар, ҳусусан Халқаро Меҳнат ташкилотининг Конвенциялари, МДҲ мамлакатлари, Финландия, Швеция, Дания, Нидерландия, Буюк Британия, Испания, Португалия, Германия ва бошқа ривожланган давлатлар тажрибаси, миллий амалиёт ва қонунчилигимиз инобатга олинди.

Халқаро Меҳнат ташкилотининг Конвенцияларига мос равишда касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва ваколатлари ҳамда касаба уюшмасига бирлашиш имкониятлари кенгайтирилди. Шунингдек, Қонунга касаба уюшмалари органларини давлат рўйхатидан ўтказишни соддалаштириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилишда асосий институтлардан бири бўлган касаба уюшмаларининг меҳнат инспекцияларини қайта тиклаш, меҳнат соҳасида Ижтимоий шериклик хамда Жамоатчилик назоратини амалга оширишни тартибга солувчи нормаларни қонуний мустаҳкамлаш каби меъёрлар киритилди.

Таъкидлаш зарурки, "Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонунда фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш имконияти кенгайди. Хусусан, ходимларнинг касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқи конституциявий ҳуқуқ даражасида кенгайтирилди ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига ҳам мос равишда Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқароларининг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи кўзда тутилди.

Шунингдек, янги Қонунга мувофиқ касаба уюшмалари нафақат корхона-ташкилотларда, балки барча иш ўринларида тузилиши мумкин эканлиги белгилаб қўйилди. Бу билан Халқаро меҳнат ташкилотининг "Бирлашиш эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-конвенциясининг нормаси имплементация қилиниб, нафақат битта ташкилотда ишлаётганлар, балки бир неча ташкилотда ишлаётган ходимларга ҳам ўзаро бирлашиб касаба уюшмасини тузиш имкони берилди.

Яна бир жиҳат, "Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонунда касаба уюшмалари фаолиятининг асосий принциплари белгилаб қўйилди. Булар: қонунийлик, ихтиёрийлик, камситишга йўл қўймаслик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш, тенг ҳуқуқлилик, ошкоралик ва очиқликдир.

Қонунга кўра, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида касаба уюшмаларининг инспекциялари тузилиши тузилиб, инспекция низоми тегишли касаба уюшмаси ёки касаба уюшмалари бирлашмаси томонидан тасдиқланади.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши натижасида касаба уюшмаларига ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва иш берувчилар томонидан меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш ҳуқуқига эга бўлган инспекцияларини тузиш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, касаба уюшмалари иш берувчига қонунбузилишига йўл қўйган шахсларни интизомий жазога тортиш талабини қўйишлари мумкин.

Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларининг бузилиши фактлари аниқланган тақдирда, касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари материалларни Давлат меҳнат инспекциясига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборишга ҳақли эканлиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг "Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунда касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ўзига ҳос ҳусусиятлари бўлиши мумкин деб белгилаб қўйилган. Янги қонунда мана шу "ўзига ҳос ҳусусиятлар” ёритиб берилди. Яъни, энди касаба уюшмалари томонидан нафақат давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг фаолиятлари устидан, балки иш берувчилар ва уларнинг бирлашмалари фаолияти устидан ҳам жамоатчилик назоратини олиб бориш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон Республикасининг "Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қабул қилинган Қонунида касаба уюшмаларининг мустақиллиги янада мусхакамлангани алоҳида таъкидланди. Хусусан, касаба уюшмалари ўз фаолиятида, шу жумладан, молиявий фаолиятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақиллиги, улар олдида ҳисобдор эмаслиги ҳамда улар томонидан назорат қилинмаслиги мустахкамлаб қўйилди. Шунингдек, давлат касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлаши, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаши, касаба уюшмаларининг фаолиятига аралашишга, шу жумладан уларнинг фаолияти тўғрисида бирор-бир ҳужжат тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмаслиги, уларнинг фаолиятини давлат органлари, мансабдор шахслари, иш берувчилар ташаббусига кўра тугатишга йўл қўйилмаслиги қонунан белгилаб қўйилди.

Қонунда иш берувчи касаба уюшмаларининг ҳуқуқларига риоя этиши, уларнинг фаолиятига кўмаклашиши, ходимларнинг манфаатларига дахлдор қарорлар қабул қилингунига қадар касаба уюшмалари билан маслаҳатлашувлар ўтказиши, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда эса уларнинг розилигини олиши, касаба уюшмаларининг таклифларини ўз вақтида кўриб чиқиши ва уларга қабул қилинган қарорлар ҳақида ёзма шаклда, сабабларини кўрсатган ҳолда хабар қилиши, касаба уюшмалари органлари вакилларини улар манфаатларини ифода этаётган ходимларнинг иш жойларига монеликсиз киритиши, касаба уюшмаларига ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган масалалар бўйича зарур ахборотни бепул тақдим этиши, касаба уюшмаларига ўз вазифаларини бажариши учун зарур шароитларни таъминлаши, касаба уюшмалари органлари таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган шахсларга касаба уюшмаларига оид мажбуриятларини иш вақтида бажариши учун вақт бериши, бунда касаба уюшмаларига оид мажбуриятларни бажариш вақти иш ҳафтаси соатлари сонининг 30 фоизидан кам бўлмаслиги зарурлиги белгилаб қўйилган.

Янги қонун билан касаба уюшмаларини, уларнинг бирлашмаларини, бўлинмаларини ҳамда бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби, касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари, бўлинмалари ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятининг иқтисодий асослари тартибга солинган.

Нурота туман адлия бўлими.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.