Яқин келажакда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини ривожланаётган давлатларнинг иқтисодий жиҳатдан юқори ривожланиш даражасига етказиб олишни мақсад қилган Ўзбекистон учун республиканинг инвестицион жозибадорлигини тадқиқ этиш, инвестиция маблағларини ички капитал ресурслар ҳамда хорижий инвестиция ва кредитлар асносида кўпайишига эришиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

Кундалик ҳаётимизда инвестиция, инвестор, инвестицион фаоллик тушунчалари кўп учрайди. Хўш улар ўзи нима?

Аввало, инвестицион фаолиятнинг энг муҳим элементи «инвестиция»нинг моҳияти ва мазмунини аниқлаб олайлик. «Инвестиция» сўзи инглиз тилидаги invetstments сўзидан олинган бўлиб, «капитал қўйилма» деган маънони билдиради.

Инвестиция (сармоя) дегани – даромад ёки фойда олиш мақсадида маблағни муайян муддатга тадбиркорлик ва бошқа фаолият турлари (объектлари)га йўналтиришни тавсифлайди.

Шуни айтиш лозимки, дунё ҳамжамиятининг ҳозирги тараққиёт босқичида бирорта ҳам мамлакат инвестицияларсиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишга эриша олмайди.

Инвестиция ресурсларини ўз вақтида миллий иқтисодиётларига жалб қилиш имконияти бўлмаган, пул маблағлари танқислигини бошидан кечираётган давлатлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича дунё мамлакатлари даражасидан анча орқага қолиб кетишига олиб келади. Мазкур ҳолатнинг ечими, молиявий маблағлар ортиқча бўлган ривожланган мамлакатлардаги капитал ресурсларни, ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётига жалб қилиш ҳисобланади.

Хорижий инвесторлар учун берилган имтиёзлар ва молиявий-иқтисодий рағбатлантириш тизими, инвестициявий жозибадорликнинг муҳим омили ҳисобланади. Булар эса тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ишлаб чиқариш соҳасида, хусусан, экспорт салоҳияти юқори бўлган саноат тармоғига йўналтирилишини таъминлайди.

Шу билан бирга, хорижий инвестицияларни миллий иқтисодиётга жалб қилишнинг муҳим йўналишларидан бири - махсус иқтисодий зоналарни шакллантириш ҳисобланади. Мамлакатимизда Навоий, Жиззах, Ангрен, Ғиждувон, Қўқон, Ургут, Хазарасп, эркин иқтисодий зоналари ташкил этилиб, улар бугунги кунда ўз фаолиятларини самарали юритишмоқда.

Миллий иқтисодиётга инвестициялар киритиш ҳажмини оширишда ички инвестицияларга альтернатив омил, бу фақат хорижий инвестициялар ва кредит маблағлари ҳисобланади.

Шундай экан, бугунги кунда хорижий инвестицияларни миллий иқтисодиётга жалб қилиш билан боғлиқ мавжуд барча ресурс ва заҳираларни ўрганиш ва қайтадан кўриб чиқиш, чет эл капиталини миллий корхоналарга жалб қилиш механизмини такомиллаштириш борасида иш олиб бориш лозим бўлади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, юқоридаги масалаларнинг ижобий ҳал этилиши, миллий иқтисодиётга йўналтирилган ички ва хорижий инвестициялар ҳажмининг ортишига, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга, пировардида мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

 Туман статистика бўлими

(Stat.uz) Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.