Ўзбекистонда ташқи савдо ва унинг иқтисодиётни ривожлантиришдаги аҳамияти

Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўзининг мустақил овозига эга бўлган давлат даражасига кўтарилди ва нуфузли халқаро ташкилотларга аъзо бўлди. Дунёдаги саноати ривожланган етакчи мамлакатлар билан сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий алоқалар ўрнатмоқда. Икки ва кўп томонлама манфаатли алоқалар тобора ривожланиб бормоқда.

Шундай шароитдамамлакатнинг ташқи иқтисодий имкониятида табиий ресурсларнинг мавжудлиги, ишлаб чиқариш ва илмий-техник имкониятларнинг барпо этилиши, инфратузилма, ижтимоий соҳа, маҳсулот ва хизматларнинг мамлакат ташқарисига экспорт қилиниши ёки чет эл фуқароларига, корхона ва ташкилотларига, шу жумладан республикадаги хорижий корхоналар ва қўшма корхоналарга сотилиши билан аниқланади.

Мамлакат ташқи иқтисодий потенциалини аниқловчиэнг муҳим иқтисодий кўрсаткичлар ЯИМ ишлаб чиқариш ҳажми, шу жумладан аҳоли жон бошига, ЯИМда товар ва хизматлар экспортининг улушиҳамда товарлар умумий экспорти ҳажмида саноат товарлари улуши ҳисобланади. 

Аввало, ташқи савдо деганда нимани тушунамиз?

Ташқи савдо - бир мамлакатнинг бошқа мамлакат ёки мамлакатлар билан олиб борадиган ўзаро товар алмашиш жараёнидир. Ташқи савдо мамлакатдан товар ва хизматлар чиқиши (экспорт) ва кириб келиши (импорт)дан ташкил топади.

Экспорт ва импорт йиғиндиси мамлакатнинг ташқи савдо айланмасини ташкил этади. Мамлакатлар ўртасида савдо-сотиқнинг ривожланиши икки томонлама фойда олиш имконини беради.

Ташқи савдо мамлакатлараро иқтисодий муносабатларнинг энг оддий ва энг қадимий шаклидир. Инсоният тарихида биринчи марта Шарқ ва Ғарб дунёсини бир-бири билан боғлаган Буюк Ипак йўли қитъалараро савдони йўлга қўйди. Бу йўл қадимги ерларимиз ҳудудида жойлашган шаҳарларда савдо-сотиқнинг кенг қулоч ёйишига олиб келган.

Энди ташқи савдодаги экспорт ва импорт тушунчаларининг ўзи нима?

Экспорт (инг. export, лот. exporto – олиб чиқаман, четга чиқараман) – товарлар, хизматлар, инвестиция, қимматли қоғозлар, технологиялар ва бошқаларни ташқи бозорга чиқаришдир.

Товарларнинг экспорт таркиби фан-техника ютуқлари ва халқаро меҳнат тақсимотининг чуқурлашуви таъсири остида ўзгариб боради. Ҳозирги даврда халқаро савдонинг экспорт таркибида қайта ишловчи саноат маҳсулотлари етакчи ўринга эга бўлиб, унинг ҳиссасига жаҳон товар айрибошлашининг 3/4 қисми тўғри келади. Озиқ-овқат, хом-ашё ва ёқилғи улуши фақат 1/4 қисмини ташкил қилади.

Хизматлар экспорти товарлар экспортидан фарқ қилади. Чет эллик истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш, чет эл валюталарини олиш билан боғлиқ бўлиб, у миллий чегарада амалга оширилади (масалан, чет эл компанияси вакилларига почта, телеграф хизмати кўрсатиш, чет эл фуқароларига сайёҳлик хизмати кўрсатиш ва ҳ.к.).

Капитал экспорт қилиш ҳам ўзига хос хусусиятларга эга бўлади. Капитал экспорти кредит бериш ёки чет эл корхоналари акцияларига мақсадли қўйилмалар каби шаклларда амалга оширилиб, капитал чиқарилган вақтда экспорт қилувчи мамлакатдан маблағлар оқимини тақозо қилади ва шу орқали тасарруфида бўлган ресурслар ҳажмини қисқартиради.

Импорт (инг. import – келтириш, олиб келиш) – мамлакатнинг ички бозорида сотиш учун, чет эл товарлари, хизматлари, технологиялар ва бошқаларни келтиришдир. Бунда мамлакат ичида ишлаб чиқариш харажатлари ташқаридан сотиб олинган чоғдаги харажатларидан юқори бўлган маҳсулотлар импорт қилинади.

Импорт божхона божлари, шунингдек, миқдорий чеклашлар, лицензиялаш тизими ва бошқа нотариф тарздаги воситалар билан тартибга солинади. 

Экспорт салоҳияти (экспорт имкониятлари) – бу мазкур мамлакат томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ўз иқтисодиёти манфаатларига путур етказмаган ҳолда жаҳон бозорида сотиши мумкин бўлган қисмидир. 

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир мамлакат барқарор халқаро иқтисодий муносабатларни таъминлашга интилади. Чунки, халқаро иқтисодий муносабатлар, биринчидан,халқаро даражада миллий маҳсулот ҳажми ва улардан олинадиган даромаднинг кўпайишини,иккинчидан, бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишни, учинчидан,халқаро иқтисодий муносабатларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар нуфузининг ошишига олиб келади ва энг асосийси аҳолининг фаровон яшашини таъминлайди.

 

Туман статистика бўлими

(Stat.uz) Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.