Маълумки, дехкончилик ва суғориш иншоотлари тарихи анчайин қизиқарли мавзу ҳисобланади. Ўзбекистоннинг қадимги вилоятлари ҳудудидан деҳкончилик маҳсулотларининг қолдиқлари, меҳнат қуроллари, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сақланадиган идишлар, суғориш иншоотлари илдизларининг топилиши хўжалик юритишнинг муайян туридан далолат беради. Сўгдиёнадаги мил.авв I минг йилликнинг ўрталарига оид деҳқончилик ва суғориш иншоотлари тўла-тўкис ўрганилмаган. Бу ўринда Я.Ғуломовнинг ўтган асрнинг 60-йилларида Зарафшон ва Қашқадарёнинг қуйи оқимларидаги кадимги ерларни суғоришнинг ўзига хос хусусиятлари ва гидрографиясига оид масалаларини тадқиқ этганлигини таъкидлаш зарур. Айникса, А.Муҳаммаджановнинг антик ва ўрта асрларга оид суғориш масалаларига бағишланган тадқиқотларини алоҳида қайд этиш лозим. 
Ба
қтрия, Хоразм, Марғиёна ва Сўғдиёна ҳудудларидан Ахмонийлар даврига оид суғориш иншоотларининг излари аниқланган. Кўпчилик тадқиқотларнинг фикрича, тоғ олди текисликлари ва дашт худудларини суғоришда ишлатилган коризлар – ер ости каналлари айнан мана шу даврда пайдо бўлган. Хусусан, Полибий салавкийлар подшоси Антиох III нинг Парфия даштлари оркали ўтган харбий юришлари хақида маълумот берганда ушбу дашт ҳудудлари бир канча қудуқлари бўлган ер ости каналлари орқали суғорилиб, бу каналлар «форслар даврида» бунёд этилгани хақида ёзади.
Ўзбекистоннинг мана шундай мураккаб су
ғориш иншоотларидан фойдаланилган туманларидан бири Нуротадир. Бу ерда коризлардан ҳозирги кунда хам фойдаланилади. Юқорида таъкидлаганимиздек, кориз – ер ости сув иншоотидир. Бундай суғориш иншоотини қуриш ниҳоятда оғир ва мураккаб бўлган. У машаққатли кўл меҳнатидан ташқари ер ости сувларининг тўпланадиган қатлами, йил мавсумларида бу сувлар сатҳида рўй берадиган ўзгаришлар ва кориз чиқариладиган жой рельефидаги нишабликни жуда аниқ белгилашни талаб этади. Нуротада хозирги кунда ер юзасига сув чиқариб турган кориз «Калта кориз» деб номланиб, унда 50 та қудуқ бор. Бу ерда юзаки текширув ўтказган киши хам кадимги дехконлар санъатига қойил қолмай иложи йўк.

Суғорилишнинг кориз усули мил.авв. VII-IV асрларда тоғ олди текисликлари ва даштларида кенг фойдаланилганига эътибор қаратсак, Нурота атрофлари ахмонийлар давридаёк ўтроқ аҳоли томонидан ўзлаштирила бошланганлигини кузатиш мумкин. Нуроталик қадимги бободеҳконлар анча мураккаб бўлишига қарамай ушбу суғориш усулидан фойдаланганлар. Бу сувлар етиб келган жойларда эса ерларни ўзлаштириб турар-жойлар ва манзилгоҳлар барпо этганлари шубҳасиздир.

Нурота туман ҳокими ташаббуси билан айни вақтда сақланиб қолган Калта кориз деб номланган коризларда ҳашар уюштирилди. Коризлар тупроқ уюмлари, хас-хошоклардан тозаланди. Мактаб ўқувчиларини тарихий иншоот билан танишиштириш мақсадида экскурсиялар ташкил этилмоқда.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.