Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюросининг ташкил этилганлиги энергия ресурслари ва сувдан фойдаланганлик учун тўловларни ўз вақтида ундирилиши ва фуқароларнинг тўлов маданияти бир қадар юксалганлиги билан алоҳида аҳамият касб этмоқда. Давлат инспекторларининг тўлов терминалларига эга бўлиб, тўловларни бевосита хонадонларнинг ўзида амалга ошираётганлиги ҳам фуқароларга қулайликлар туғдирмоқда.

"Гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, айрим фуқароларнинг тўловларни ўз вақтида амалга оширмасликлари натижасида қарздорликлар келиб чиқмоқдаки, бу ҳолат пировард натижада маҳаллаларнинг тўлов интизомида ўз аксини топмоқда.

2018 йил якунларига кўра, МИБ Марказий аппаратида республика миқёсида маҳаллаларнинг тўлов интизоми ўрганилиб, умумлаштирилиши натижасида Нурота туманида ҳам шундай маҳаллаларнинг мавжудлиги кузатилган. Ўз эҳтиёжлари учун табиий газдан, электр энергиясидан ва сувдан фойдаланиб, тўловга келганда эса тўламасликнинг турли хил йўлларни излайдиган кимсаларнинг бундай қилмишлари маҳалланинг кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бундай маҳаллаларда яшаётган фуқаролар нафақат тўлов интизомини бузиш, балки энергия ресурсларидан ҳам ноқонуний фойдаланаётганликлари аниқланмоқда. Жумладан, фуқаро Жумаев Равшан (Исми шарифи ўзгартирилган) яшаш хонадонида электр энергиясини ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатиб, яшаш хонадони учун электр энергиясига жуда кам миқдорда пул тўлаб келаётганлиги аниқланган. Текширишлар натижасида ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатилганлиги аниқланди ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддасига кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштирилиб, қонуний чора кўрилди.

Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида кузатилмайдиган маҳалла институтини бизнинг ҳаётимизда таъсири муҳим аҳамият касб этишини инобатга оладиган бўлсак, тўлов интизомини юксалтириш учун маҳалла билан биргаликда фаолият олиб борилса, тўлов интизоми паст фуқаролар ҳам, тўлов интизоми паст маҳаллалар ҳам бўлмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига кўра давлат ва жамият муҳофазасида бўлган, унинг асосий бўғини ҳисобланган оила турли хил сабаблар билан тугатилиши ҳозирги куннинг долзарб муаммоларидан бўлиб келмоқда.

Нурота туманида ана шундай оилалардан бирининг бузилиши оқибатида икки нафар норасида гўдак ҳам ота меҳридан, ҳам моддий таъминотдан айрилишига тўғри келди. Ота-оналарнинг ажрашиши жараёнида суд томонидан болаларнинг моддий таъминоти учун жавобгарга ойлик даромадининг ½ қисми миқдорида алимент тўлаш мажбурияти юклатилган. Лекин белгиланган алимент йиллар давомида қарздор, яъни ўша болаларнинг "отаси” томонидан тўланмай келинаётган эди.

Ўз фарзандларининг моддий-маънавий камолоти учун масъулиятсизлик қилиб келаётган бундай кимсалар жамият учун носоғлом авлоднинг етишиб чиқишига сабабчи бўлаётганларини англаб етмаганлари учун, уларга нисбатан мажбурлов чораларининг кўрилиши келажак учун, унда ҳар томонлама баркамол инсонлар яшаши учун муҳим аҳамият касб этади.

Шундан келиб чиқиб, Мажбурий ижро бюроси Нурота туман бўлими бўлими давлат ижрочилари томонидан олиб борилган саъй ҳаракатлар натижасида жами 82.520.300 сўмлик алиментнинг 73.400.700 сўми 2018 йилда, 38.600.000 сўмдан 32. 400. 450 сўмлик қисми эса жорий йилнинг 01 апрель ҳолатига болалар тарбияси билан ёлғиз шуғулланишга мажбур бўлаётган онага ундириб берилди. Қарздорликнинг қолганини ҳам ундириш чоралари кўрилмоқда.

Ундирилаётган бу пуллар моддий таъминот билан бирга ота меҳридан ҳам маҳрум бўлган болаларнинг келажаги учун пойдевор бўлишига умидвормиз.

МИБ Нурота туман бўлими

бошлиғи ўринбосари

Ф.Г.Хасанов

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР