-Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган "Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низомга кўра, нафақа ва моддий ёрдамнинг қуйидаги турлари мавжуд:

-болали оилаларга, яъни 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа;

-бола парвариши бўйича нафақа, яъни бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа;

-кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам.

Низомга асосан ушбу нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг (жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган) 1,5 баравардан ортиқбўлмаган оилаларга тайинланади.Фуқаролар йиғини томонидан эҳтиёжманд деб эътироф этилган оила нафақа ёки моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эга.

Қуйидагилар болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эга:

ота-онаси ёки иккисини ҳам йўқотган, болалар тарбияси билан эса қариндошлар шуғулланаётган оилалар;

ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;

14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқақариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар (бева эрлар);

ногирон боласи (болалари) бўлган оилалар;

болани (болаларни) тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётган оналар (оталар). Бунда боланинг амалда тўлиқ бўлмаган оилада она (ота) томонидан тарбияланишини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи белгилайди;

ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш марказларида ҳисобда турган оилалар;

ёлғиз пенсионерлар.

Оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилинган ойдан олдинги охирги уч ой учун ҳисоблаб чиқилган оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромади суммасини оила таркибига киритиладиган оила аъзолари сонига бўлинган ҳолда аниқланади.

Ўртача ойлик жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган оиланинг жами даромадига, оила аъзолари томонидан олинган қуйидаги даромадлар киритилади:

меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар;

мулкий даромадлар;

якка тартибдаги тадбиркорнинг даромади;

чет элда ишлайдиган ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган оила аъзоларидан пул тушумлари суммаси;

пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар (ушбу Низомда назарда тутилган тартибда оила олаётган нафақа ёки моддий ёрдамдан ташқари);

шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинган даромад.

Агар оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромадлари тўғрисида тақдим этилган маълумотларда даромад суммаси кўрсатилмаган бўлса ёки энг кам ойлик иш ҳақининг 2,5 бараваридан кам сумма кўрсатилган бўлса, у ҳолда оиланинг ўртача ойлик жами даромадини ҳисоблаш учун даромадни нормативдан паст кўрсатган ёки даромади мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмаган оила аъзоларининг ҳар бирига нафақа ёки моддий ёрдамга мурожаат қилинган ойда белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 2,5 бараварига тенг бўлган норматив даромад миқдори қабул қилинади.

Ушбу қоида:

бола икки ёшга тўлгунгақадар унинг парвариши билан банд бўлган оналарга (уларнинг ўрнини босувчи   шахсларга);

таълим муассасаларида ўқиётганларга (меҳнат шартномасига мувофиқишларни амалга ошириш ҳоллари бундан мустасно);

ишламайдиган пенсионерларга;

амалда шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритиш билан банд бўлган оила аъзосига;

туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказларида ишсиз сифатида рўйхатга олинган фуқароларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг доимий яшаш (рўйхатдан ўтиш) жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан оила бошлиғи ёки бошқа муомалага лаёқатли оила аъзосининг ёзма аризаси асосида, бола парвариши бўйича нафақа эса боланинг онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг аризаси асосида тайинланади.

Оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиш натижаларига кўра махсус комиссия белгиланган тартибда оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиш далолатномасини тузади.

Далолатномада:

ўрганилаётган оиланинг таркиби;

оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг бандлиги тўғрисидаги маълумотлар;

шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритиш учун фойдаланиладиган ер участ-каси майдони;

ўрганилаётган оиланинг моддий жиҳатдан таъминланганлиги даражасини баҳолаш;

тегишли нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш бўйича хулоса кўрсатилади.

Болали оилалар (14 ёшгача болалари бўлган) нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга:

бир нафар фарзанди бўлса -122 минг сўм;

икки нафар фарзанди бўлса -203 минг сўм;

уч нафар ва ундан ортиқ фарзанди бўлган оилага - 284 минг сўм миқдорда   6 ой муддатга тайинланади ва тўланади.

Бола парвариши бўйича нафақа эса - 12 ой муддатга (бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак) энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари ёки 405460 сўм миқдорда тайинланади.

Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам пули оиланинг моддий ва мулкий аҳволига қараб, амалдаги 305 минг сўмдан 610 минг сўмгача миқдорда тайинланади ва тўланади. (Ушбу миқдорлар Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги  ПҚ-4086-сон Қарори билан белгиланган).

Нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг ўзини ўзи бошқариш органига мурожаат қилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўланади.

Нафақа ва моддий ёрдамлар маҳаллий бюджетлар маблағлари ва бюджетдан ташқари манбалар (жамоат ва хайрия жамғармалари, корхоналарнинг маблағлари, фуқароларнинг ихтиёрий хайр-эҳсонлари ва бошқалар) ҳисобидан, фуқаронинг яшаш жойи бўйича Халқ банки филиали махсус кассаси ёки уларнинг хоҳишига кўра пул маблағларини фуқароларнинг депозит ҳисоб рақамларига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан тижорат банкининг филиали орқали тўланади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.