Юртимизнинг барча ҳудудида меҳнатидан барака топаётган тажрибали деҳқонлар кўпчиликни ташкил этади. Томорқа — ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи, мўъжаз гўшаси. Айни вақтда туманимизда 15972 нафарортиқ деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари 884 гектардан зиёд экин майдонида меҳнат қилмоқда.

Серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, доимо ундан унумли фойдаланиш, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни намунали тарзга келтириш пайидан бўлайлик. Бу каби тартиб-таомил асосида улғайган фарзандларимиз ҳам яхши яшашга интилиб, ўз келажаги учун астойдил ҳаракат қилади.

Деҳқончиликда баҳорнинг бир куни йилга татийди. Кўпни кўрган, тажрибали деҳқонларимиз фасллар алмашаётган, табиат уйғонаётган ушбу бетакрор паллада қандай юмушларни бажариш зарурлигини жуда яхши билади. Об-ҳаво, иқлим инжиқликлари билан курашавериб пишган деҳқонларимиз айни кунларда ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, ундан унумли фойдаланади. Барча томорқа ер эгаси сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва мевалар етиштириб, оила эҳтиёжидан ортганини бозорга чиқариш орқали қўшимча даромад топишга ҳаракат қилади.

Бугунги кунда деҳқонларимиз ва томорқа ер эгаларининг олдида турган биринчи галдаги вазифа ўз ҳовлиси, томорқаларини тартибга келтириш, ерга уруғ қадашга тайёргарлик кўришдир. Бунинг учун ҳовли, экин экиладиган майдонларнинг ариқлари хас-хашаклардан тозаланиши, мевали дарахтларнинг таглари юмшатилиши, турли зараркунандалардан ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг танаси оқланиши керак. Чунки ҳозир мевали дарахтларга ҳам турли зараркунандаларга қарши ишлов беришнинг айни вақти. Бу ишлар амалга оширилса, ҳовлилар, хонадонлар обод бўлади. Зеро, обод маҳалла обод хонадонлардан ташкил топади.

Иккинчидан, ҳар бир томорқа эгаси тезда ерни экишга тайёрлаши, кузда шудгорланмай қолган ер бўлса, тезда ағдариб, текислаб, маҳаллий ўғитга бойитиб, эртаги сабзавот, картошка, полиз экинлари уруғини қадашга тахт қилиб қўйиши, плёнка остига экиладиган экинларни эса кечиктирмасдан экиши зарур.

Учинчидан, ҳар бир хонадон эгасига бир ой давомида томорқасининг ҳар бир сотихи ҳисобига ўртача 1 тупдан, бир томорқада ўртача 10 туп ҳудудга мос бўлган сердаромад ва ҳосилдор мевали дарахт кўчатини экиши тавсия этилади.

Тўртинчидан, ҳар бир деҳқон томорқа қўшимча даромад манбаи эканини доимо ёдда сақлаган ҳолда, мавжуд экин майдонларидан уч мартагача ҳосил олиш учун астойдил ҳаракат қилиши, бу ерда ҳар бир хонадонда 1-2 сотихли ихчам иссиқхона қуриш орқали илғор деҳқонлар тажриба мактабини ўзлаштириши зарур.

Бешинчидан, ҳар бир хонадон эгасининг имконияти ва лаёқатига қараб, 100 та товуқ, 20 та курка, 10 та қўй ёки эчки, 2-3 қути асалари уяси, туяқуш ва бошқа чорва молларини боқиш ҳам оила даромадини кўпайтиришга хизмат қилади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.