Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, турли бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Бироқ соҳада яратилаётган имкониятларга қарамай, жойларда камчиликлар ҳамон учрамоқда.


 

 

 

 

 


 

 


Президентимизнинг 2018 йил 15 августдаги "Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳудудда инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилишга инвестицияларни жалб этиш, ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммолар, камчиликларни ўз вақтида бартараф этишда муҳим аҳамиятга эгадир. 

Фармонда қуйидаги муҳим вазифалар белгилаб берилган: 

Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан кичик саноат зоналари дирекцияси функциялари ишончли бошқарув шартномаси асосида хусусий бошқарувчи ташкилотларга берилади. 

Давлат-хусусий шериклик шартларида автомобиль йўллари бўйлаб пуллик автомобиль тўхташ жойларини ташкил этиш бўйича лойиҳаларнинг амалга оширилиши аҳоли учун янада қулайлик туғдиради. Хусусий инвесторларни жалб қилган ҳолда кўп қаватли автомобиль сақлаш жойларини қуриш дастурлари ҳаётга татбиқ этилади. Бу саъй-ҳаракатлар турмушимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳар ҳафта инвестор куни ўтказилади. Унга кўра, тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг инвестиция шартномаларини тузиш, уларга ер участкалари ажратиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат мулки объектларини бериш бўйича таклифлари кўриб чиқилади. Бу жараёнга тегишли маълумотлар Тошкент шаҳар ҳокимлигининг сайтига жойлаштирилади. Бу тадбиркорлар учун янада қулайлик яратади. 

Шаҳар ҳокимлиги бизнес юритиш учун энг мақбул шарт-шароитлар ва қулай инвестиция муҳитини яратиш, туманлар кесимида Тошкент шаҳрининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун зарур ташкилий тадбирларни амалга оширади. Туманлар ҳокимликлари томонидан ҳудудларда мавжуд имконият ва шароитларни акс эттирувчи инвестиция паспортлари яратилади. 

Қабул қилинган чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда хусусий мулк ва тадбиркорликнинг янада ривожланиши, чет эл инвестицияларининг кенг жалб қилиниши ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларга чиқишига хизмат қилади. 

Нурота туман Адлия бўлими бошлиғи

А.Ахмедов

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.