Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг бугунги ҳолати, амалиёти ва истиқболларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Б.Алихонов, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари кўмитаси раиси Б.Ниёзматов ва бошқалар тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш иқтисодиёт янада изчил ривожланиши ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларига янги самарали технологиялар татбиқ этилишини жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. 

Айнан шунинг учун ҳам мамлакатимизда саноатни маҳаллийлаштириш масалаларига иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Маҳаллий хомашё ва ишлаб чиқариш захираларидан кенг фойдаланиш орқали замонавий рақобатбардош маҳсулот тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш борасидаги тизимли чора-тадбирлар натижасида 2010-2016 йилларда қарийб икки мингта маҳаллийлаштириш лойиҳаси амалга оширилди. Натижада 7,6 миллиард доллар миқдорида импорт ўрнини босувчи маҳсулот тайёрланди. 

– Маҳаллийлаштириш эвазига сўнгги уч йилда юздан ортиқ товар гуруҳининг импорти тўхтатилиб, 350 дан зиёд турдаги маҳсулотларни олиб келиш икки баробарга камайди, – дейди Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги бўлим бошлиғи Фазлиддин Рўзиев. – Жорий йилда 960 дан зиёд лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бунинг эвазига импорт яна 23 фоизга қисқариши кутилмоқда. 

Йиғилишда тайёр маҳсулот, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бозорнинг зарур саноат ҳамда истеъмол товарлари билан тўлиши, импорт ҳажмлари камайганида ўз аксини топганлиги таъкидланди. Шу билан бирга, ушбу соҳанинг янада жадал ривожланишини таъминлаш учун айрим фойдаланилмаган захиралар ва имкониятларни ишга солиш, Маҳаллийлаштириш дастури доирасида бериладиган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида тадбиркорлик субъектларини кенг хабардор қилиш лозимлигига эътибор қаратилди. 

Манба:Uza.uz

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР