Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ташкил этилган меҳнат ярмаркасига АКТ соҳаси мутахассислари, олий ва ўрта махсус таълим масканларини битирувчи ёшлар таклиф этилди. 

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Ш.Шерматов ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, бандлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизациялаш орқали янги иш ўринларини яратиш масаласи давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида эканини таъкидлади. 

Юртимиз иқтисодий тараққиётини янада юксалтиришда илғор технологияларни амалиётга кенг жорий этиш, фан, таълим, ишлаб чиқариш жараёнининг ўзаро узвийлигини таъминлаш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 15 мартдаги "Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари учун АКТ соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини замон руҳига монанд йўлга қўйишда янги истиқболларни очмоқда. 

Давлат, хўжалик бошқаруви ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг АКТ бўйича махсус бўлинмаларини мутахассислар билан таъминлаш, соҳага малакали мутахассисларни жалб этиш мақсадида кадрларга оид номзодлар тўғрисидаги маълумотлар базаси муттасил шакллантирилмоқда. Айни пайтда компания, ташкилот ва корхоналарга замонавий билимларга эга, юксак салоҳиятли кадрларни жалб этиш, ёш мутахассисларни ишга жойлаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда ташкил этилган меҳнат ярмаркаси еттинчи марта ўтказилиб, унга соҳага тааллуқли 200 га яқин корхона ва ташкилот, муассаса, давлат бошқарув идоралари талаб этилаётган иш ўринлари билан қатнашди. 

"UMS" масъулияти чекланган жамияти мамлакатимизнинг етакчи мобиль алоқа оператори саналади. 

– Компаниямизда техник мутахассисларга талаб ғоят катта, – дейди компаниянинг кадрлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Қодиржон Назаров. – Мазкур ярмаркада маркетинг, Cаll Center оператори, GPRS ва LTE платформаларидан фойдаланиш, сервер инфратузилмасини бошқариш, техник хавфсизлик бўйича мутахассисликларга оид вакант иш жойларини ёшлар эътиборига ҳавола этмоқдамиз. Жамоамизда битирувчи талабаларнинг стажировка ўташи кенг йўлга қўйилган. 

"Аloqaloyiha" давлат унитар корхонаси маҳаллий, шаҳарлараро, халқаро телекоммуникация, телерадиоэшиттиришларни тарқатиш, маълумотлар узатиш, кўчма радиотелефон алоқа тармоқларини лойиҳалаш бўйича фаолият олиб боради. Ярмаркада мазкур корхона радио-реле линиялари ва радио алоқа, линия иншоотлари бўлимларига биринчи ва иккинчи тоифали муҳандис-лойиҳаловчи, смета бўлимига етакчи муҳандисликка оид вакант иш жойлари билан қатнашди. Бу ерга келган иштирокчилар ёш мутахассислар учун яратилган шароитлар ва қўшимча ижтимоий имтиёзлар билан батафсил таништирилди. 

"UNICON.UZ" фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази таркибида 35 тузилма мавжуд бўлиб, бу ерда АКТ ва алоқа соҳаси бўйича элликдан ортиқ хизмат турлари кўрсатилади. Ушбу марказ мутахассислари томонидан яратилган "E-hujjat", "E-ijro", "E-xat", "E-kalit" каби замонавий дастурий ишланмалар ҳужжат алмашинуви, рақамли имзо, электрон почта ва маълумотлардан фойдаланиш бўйича вазирлик ва идоралар, корхона ва ташкилотларда, жамоат тузилмаларида кенг қўлланилмоқда. Марказнинг оператив мониторинг назорат тизими хизмати муҳандиси Ниғматилла Шарафуддиновнинг айтишича, меҳнат ярмаркасига келган ёшлар эътиборига дастурчи, АКТ бўйича муҳандис, радиомуҳандис каби касблар бўйича бўш иш ўринларига оид маълумотлар ҳавола этилди. 

Тошкент ахборот технологиялари университетининг телекоммуникация муҳандислиги факультети 4-курс талабаси Саидмунир Фозиловнинг айтишича, "UNICON.UZ" маркази фаолияти билан танишиб, келгусида бу ерда ишлашга қарор қилган. 

– Давлатимиз томонидан илғор технологиялар ривожига қаратилаётган улкан эътибор мазкур соҳада янги-янги иш ўринлари яратилишида муҳим омил бўлмоқда, – дейди С.Фозилов. – Меҳнат ярмаркасида соҳамиз учун тааллуқли корхоналар фаолияти, улардаги мутахассисларга қўйиладиган талаблар билан батафсил танишдик. 

Бахтиёр Мирзаев Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги информатика касб-ҳунар коллежини битирмоқда. 

– Меҳнат ярмаркасида коллеж битирувчилари учун иш ўринлари ҳақида ҳам кенг маълумотларга эга бўлдим, – дейди Б.Мирзаев. – Тақдим этилган маълумотлар орқали "Ўзбектелеком" акционерлик компаниясининг "StarsTV" филиалига ишга жойлашишни мўлжалламоқдаман. 

– АКТ бўйича юқори малакали мутахассислар наинки мазкур тизим, балки ишлаб чиқариш, саноат, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий жабҳаларда ҳам энг керакли мутахассисларга айланди, – дейди Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг ўқув маркази кадрлар тайёрлаш бўйича устаси Азимжон Дониёров. – Ушбу ярмаркада битирувчи ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг нечоғли билимли, истеъдодли, интилувчан эканига ишонч ҳосил қилдик. 

Ахборот-коммуникация технологияларига оид бўш иш ўринлари ярмаркалари Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда бўлиб ўтди. 

Манба:Uza.uz

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.