Борлиққа сепини ёйган кўклам ўзи билан бирга энг гўзал байрамларни ҳам олиб келди. Бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг тарзда нишонланган Наврўзи олам сайиллари таассуротлари ҳар бир юртдошимиз учун унутилмас бўлди. Айниқса, "кўкка етказганига шукр", дея дуога қўл очган отахону онахонларимиз юз-кўзларида шукроналик акс этгани, болажонларимиз қувноқ қийқириғи, шодлик тараннуми бу юртга байрамлар ярашишини яна бир карра исботлади.

Навоий шаҳри. Бай­ра­мона безатилган Алишер Навоий номидаги марказий мада­ният ва истироҳат боғи­да­ги кар­най-сурнай садола­ри эр­та тонг­дан халқни са­йил­га чор­лади. Ўша куни боғ одам­лар би­лан янада файзли бўл­ди. Сайилда халқимизнинг тари­хи, маданияти, урф-одат ва анъ­аналарини акс эттир­ган ай­вонлар, йўлак бўйлаб каш­тадўзу чеварларнинг мил­лий либослари, ҳунарманд­чилик намуналари намойиш этилди.

— Наврўз ҳар бир ин­сон са­ми­мий ниятларини юза­га чи­қа­радиган қутлуғ кун экани­ни намоён этади, — дей­ди ҳунарманд Моҳира Ша­рипова. — Наврўз меҳр-оқибат, сахо­ват ва эзгулик рам­зи ҳисоб­ла­на­ди. Бир пайт­лар уста ва ҳунар­мандларнинг ўзи ярат­ган бу­юмларни со­тиш, намо­йиш этиш­да турли тўсиқларга уч­ра­ган бўлса, бугун ҳар бир туман ва ша­ҳар­ларда ҳунар­мандлар мар­казлари, бозор­лар ва савдо мажмуаларида ҳамда сайил­ларда махсус савдо растала­ри ташкил эти­лаётганлиги ҳунармандларни хушнуд қил­моқда.

Лапару қўшиқлар, халқ тер­малари, фольклор жамоа­ла­ри­нинг куй-қўшиқлари, танлов ва мусобақалар бар­ча­га яхши кайфият бағишла­ди.

Кармана. Халқ сайиллари ҳар қачонгидан ўзгача руҳда ташкил этилди. Ҳар бир ма­ҳалла, ташкилотларда бай­рам дастурхонлари ёзилиб, палов тарқатил­ди. Кўчаларни тўлдирган ёшу кекса баҳор­нинг эзгу байра­ми баҳона бир-бирларига эзгу тилаклар из­ҳор қилишди. Тумандаги "Ёшлик" ўйингоҳида кар­ма­наликлар байрам сай­ли­ни хурсандчилик би­лан ни­шон­лашди. Миллий ўйин­лар баҳ­си, сумалак тано­вули, ёл­ғиз қариялар ҳолидан ха­бар олиб, совғалар ула­шиш, ҳу­нар­манд­чилик ва расм­лар кўргазмаси Нав­рўзнинг меҳр-оқибат, эзгу­лик айёми экан­лигидан далолат берди.

— Маҳалламизда ҳам завқу шавқ билан байрамни кутиб олдик, — дейди мамнунлик билан "Деҳқон" МФЙ раиси Нурали Тошев. — МФЙ бино­си атрофида 16 туп ёнғоқ кў­чати ўтқаздик. Маҳалламиз яна­да обод бўлиб, чирой оч­ди. Ҳудудимизда икки минг­дан ортиқ аҳоли истиқомат қила­ди. Шу куни уларнинг барча­си сайилга отланишди. Ҳар бир жойда шодлик, шук­рона, эзгу ниятларни кўриб, хур­санд бўлдим.

Конимех. Қадимий бай­рам улкан шодиёна билан нишон­ланди. Айём кунлари туман­нинг олис ва чекка чўл ҳудуд­лари — "Учтепа", "Бай­мурат", "Янгиқазған"да "қора уй" — ўтовлар тикилиб, са­йил­га чиқ­қан аҳоли билан гав­жум бўлди. Ўтовлар ёнида мил­лий­лигимиз акс этган кўр­­газ­малар, турли спорт ўйин­ла­ри уюштирилди. Пойтахт­дан кел­ган санъаткорларнинг Ватан­ни, гўзал кўкламни мадҳ этув­чи тароналари йиғил­ган­­лар­га бир олам завқ улашди.

— Бундай дориламон кун­ларга етганимдан бошим ос­монда, — дейди уруш қат­наш­чиси, 90 ёшли Анвар Ва­лишен. — Юртимизда қандай чиройли тўй-тантана бўлаяп­ти.Ҳамма хурсанд, шод. Ил­гарилари бундай тинч, бахт­ли кунлар қаёқда эди. Шукр,Ўзбекистонимизга бутун дунё ҳавас қилмоқда бугун. Мени қутлаб, ўқувчилар келишди. Тинчлигимизга кўз тегмасин, илоҳим!

Учқудуқ. Наврўз халқ сай­лида кўплаб аҳоли иштирок этди. Туман марказидаги "Орзу" маданият ва истиро­ҳат боғи тонг саҳардан янги орзу ва мақсадлар билан яшаётган учқудуқликларни ўз бағрига чорлади. Бу ерда ташкил этилган турли тад­бир­лар ва мусобақалар, куй-қўшиқлар йиғилганларга сўн­мас таассурот ҳадя этди. Олтита овул фу­қаролар йи­ғин­ида бай­рам тантана­лари ана шундай хурсанчи­лик билан нишонлан­ди. Туман марказидан икки юз кило­метр узоқликда жой­лашган энг олис ҳудуд — "Аван­гард" ОФЙда ҳам сайил ша­ҳару қишлоқдан қолишма­ган тарз­да катта қувонч билан ўт­казилди.

— Наврўз халқларимиз ўр­та­сидаги меҳрни маҳкамроқ боғламоқда, — дейди Абдул­ло бобо Куренбаев. — Қайси миллат вакили бўлмасин, бир мақсад билан юрт тўйида қат­нашмоқда. Бу бахтли кунла­ри­миз умрбоқий бўлсин. Нав­рўз ризқ-рўз, барака келтир­син!

Байрам кунлари эзгу ният ва тилаклар ҳар бир юртдо­ши­миз қалбини тўлдир­ди. Нав­рўзи олам шу­ку­ҳи ҳа­мон юрти­миз бўй­лаб кезмоқда.

Хатирчи. Яшилликка бур­кан­ган қир-адирларда кўклам эл­чиси бўлган бинафшаю чуч­мо­малар қўшиқ куйлай бош­лади. Пурвиқор тоғлар бағри­дан шид­дат билан оқиб кела­ётган сой асов отдек пиш­қир­ганча паст­ликка шошар. Нав­рўз­ни интиқ­лик билан кутган олтин­сой­лик­лар эрта тонгдан кекса отахону онахонларнинг дуоси ва му­бо­рак айём ша­ро­фати билан "Пўл­­­кан шоир" ёд­горлик маж­муаси атрофига тўп­лан­ди­лар.

Лангар тоғининг тўшига тута­шиб кетган адир­лик­­лар бағрига ўрнатилган ўчоқларга ўт ёқилиб, дошқо­зон­лар осил­ди. Дастур­хон­лар­га сумалак­лар тортилиб, кўклам таом­лари ва пишириқ­лари билан бе­затилди. Айти­шув­лар, ёр-ёру лапарлар май­саларнинг ифори билан бе­кин­мачоқ ўй­най­ди. Қиши билан куч тўплаб, кўкка ет­ган қўчқор­лар аёв­­сиз шох ташлашади, пат­ларини ҳур­пай­­тирган хў­роз­лар пайт пой­лайди. Арқон тор­таёт­ган ёш-ялангларнинг овозлари давра­да бел олиша­ёт­ган ку­раш­­­чи­лар­нинг "Ё Али", деган  ҳайқи­риғига қоришиб кетади.

— Наврўзни халқ сайли си­фа­тида юқори савияда ўтка­зиш мақсадида тарғибот-таш­виқот гуруҳлари билан ишти­рок этиб келаяп­миз. Бу йилги бай­рам қад­­рият­­­­ла­ри­миз, урф-одат­­­ла­римиз, анъана­лари­миз би­лан яна­да бойи­ти­либ, ҳа­қи­қий са­йилга ай­­лан­ди. Пой­тахт­дан кел­ган меҳ­мон­­лар, ви­лоят бош имом-ха­тиби, санъат­кор­лар­дан тар­киб топ­ган гуруҳ ту­ман­нинг олис "Анги­дон", "Мир­­­­­­­дош" маҳал­ла­ла­рида ўт­ган халқ са­йил­лари­да ҳам қат­нашди. Хал­қи­миз­нинг кай­фия­ти жуда яхши, улар­нинг гап-сўз­­ларида ях­ши­лик­ка, эз­гу­лик­ка инти­лиш, Ва­тан рав­нақи, эл осо­йиш­та­лиги йўлида фидойи экан­­лик­лари яққол се­зилиб турди, — дейди ви­лоят маъ­на­вият тар­ғибот бў­ли­ми раҳ­­бари У. Са­фа­ров.

Қизилтепа. Ту­ман­нинг мар­ка­зий ис­тироҳат боғида таш­­кил этил­ган бай­рам сай­лига бутун аҳоли таш­риф буюр­­ди, десак, янг­лишмаймиз. Мил­лий ҳунар­манд­чилик наму­на­лари кўргаз­маси, миллий ки­­йим­лар, таом­лар намойиши тадбирга ўзгача файз киритди. Ташкил этилган миллий ўйин­ларда эса қизил­те­паликлар­нинг қанчалик чақ­қон, эпчил ва зукко экан­лик­лари кўринди. Ай­­­ниқса, хонан­да Абдурашид Йўлдошевнинг дилтортар қў­шиқлари ва иқти­дорли, истеъ­додли ёшларнинг ижод на­му­на­лари сайилга таш­­риф буюр­ганларнинг эъти­бори, меҳрини қозонди.

Шунингдек, байрам сайли ту­­­­маннинг барча ҳудудларида ташкил этилиб, аҳоли учун ёзил­­­ган дастурхонга сумалак, ҳалиса, палов каби миллий таом­лар тортилди. Уруш фах­рий­лари ва ногиронлар­нинг ҳоли­дан хабар олиниб, эҳ­тиёж­манд оилаларга байрам сов­ғалари тарқатилди.   

Навбаҳор. Туманда баҳор бай­­­рами юқори савияда ўт­ка­зилди. Барча маҳал­ла­ларда бай­­рам сайиллари ташкил эти­­либ, аҳолига бай­ра­м­­она таом­­­лар улашилди. Ай­ниқса, ёши улуғлар табиат қўй­ни­да­ги бун­дай тўй-тан­та­нани кў­­риб, хур­сандчилик ва ҳая­жон­ларини қалб­ларига сиғ­дира олма­ди­лар.

— Саховат байрами бўлган Наврўз азалдан элимизнинг ўзи­­­га хослигини намоён қилиб келган, — дейди сайил иш­ти­рокчиси Умр Мардонов. — Мен байрам­га невараларимни ҳам олиб кел­дим. Уларнинг бах­тиёр­ли­ги­ни кўриб, тўғриси, кў­зимда ёш айланди. Ёшлар учун бу хур­санд­­­­чилик айёми, биз кек­са­лар­­нинг эса орзуларимиз рўёб­га чиққан кундир.

Ҳа, бу йилги Наврўз байра­ми­­нинг сайиллар кўринишида ни­­шонланиши "Халқ билан му­лоқот ва инсон манфаат­лари йи­ли"да бажарилиши ло­зим бўлган ишларнинг амалий ифо­даси бўлди.

Томди. Ширкат хўжалик­лари ва корхона, ташкилотлар то­­мо­нидан ҳудудда жами 11 та ўтов ти­килиб, ёши улуғларга ало­ҳида байрам дастурхони ёзил­ди. Улар учун қозоқ мил­лий тао­­ми бўлган бешбармоқ пи­ширилиб, дастурхон устида қа­риялар билан бевосита му­ло­қот қилинди. Иштирокчилар кундалик ҳаётларида учрайди­ган қизиқарли воқеалар, шу­нингдек, дориламон кунлар шу­куҳи ҳақида суҳбатлар қури­шиб, бир-бирларига хурсанд­чи­лик улашди.

Қозоқ халқининг миллий урф-одат­ларидан бири бўлган "Ал­ти бақан" намойиши бар­ча­га бирдек хуш ёқди. Яъни, арғим­чоқ ат­ро­фида миллий чол­ғу асбобларидан тара­лаёт­ган куй-наво­лар­га унинг икки бур­­ча­ги­да ўтир­ган йи­гит-қиз­нинг оҳанг­­­ларга мос ра­вишда теб­­ра­ни­ши йиғил­ган­ларга ўз­гача кай­фият бахш этди. Шу­нинг­дек, кор­­хона, таш­килот, шир­кат хў­жа­лик­лари фаол­лари иш­ти­ро­кида "Ан-би" тан­лови ўт­ка­­зи­либ, улар куй-қў­­шиқ ва рақс бо­ра­си­да қан­дай ма­ҳо­ратга эга эканлик­лари­ни кўр­са­тишди.


Манба:Dustlikbayrogi.uz

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.