Вилоят ҳокими Н.Турсунов дастлаб "Чашма" тарихий-меъморий мажмуасида бўлиб, бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишиб чиқди.

Шундан сўнг, кейинги манзил тумандаги энг чекка ҳудудлардан бири бўлган "Сувлиқ" МФЙга йўл олинди.

Туман марказидан 70 км узоқликда жойлашган ушбу қишлоқ тоғли ҳудудда жойлашган. Аҳолисининг асосий даромад манбаи қишлоқ хўжалиги бўлиб, чорвачилик билан шуғулланишади.

Вилоят раҳбари қишлоқ нуроний отахонлар билан самимий суҳбат қилиб, аҳолининг турмуш тарзи, уларни қийнаб келаётган муаммоларини тингланди.

Шунингдек, қишлоқ врачлик пунктидаги шароитлар билан танишиб, бинони қайта реконструкция қилиш кераклиги ва малакали шифокор билан таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Бундан ташқари қишлоқнинг асосий кўчаларига тунги чироқлар ўрнатиш, қўшимча трансформатор билан таъминлаш, нуронийлар учун дам олиш маскани барпо этиш ҳамда МФЙдаги хотин-қизлар учун 50 ўринли тикувчилик цехи қуриш ишлари белгилаб олинди.

Вилоят раҳбари маҳалладаги 24-умумтаълим мактабида бўлиб, таълим муассасасида яратилган шароитлар билан ҳам яқиндан танишди. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Нурота туманидаги барча умумтаълим мактаблари қайта реконструкция қилинганлиги ва моддий техник базаси мустаҳкамланганлиги эътироф этилди.

— Вилоят ҳокимининг Нурота туманида айнан бизнинг Сувлиқ маҳалламиздан иш бошлаганлиги барчамизни хурсанд қилди, — дейди "Сувлиқ" МФЙ нуроний отахони Хазрат бобо Маматов.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.