Шавкат Мирзиёев илк марта матбуотга — "Янги Ўзбекистон" газетасига интервью берди

Интервьюдаги энг муҳим иқтибосларни келтирамиз.

1. "Обод қишлоқ” ва "Обод маҳалла” дастурлари доирасида 2021 йилда барча шаҳар ва туманлардаги жами 7 минг 794 та қишлоқ ва маҳаллада умумий қиймати 20,8 триллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

2. 2021 йил учун давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағ ҳисобидан тиббиёт соҳасида кўпгина чора-тадбирлар, жумладан, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.

3. 2020 йилда соғлиқни сақлаш тизимида 30 миллиард сўмдан ортиқ маблағ талон-торож қилинган ва айбдорлар жазоланган.

4. Ўзбекистон Афғонистоннинг яқин қўшниси сифатида бу мамлакатда тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишидан манфаатдордир.

5. Ҳоким, раҳбар инсон сифатида, ниманидир билмаслиги ёки кўздан қочириши, хатога йўл қўйиши мумкин, буни тушунса бўлади, лекин у ана шу хатоларини тан олмаса, уларни тузатишни истамаса, ўқиб-ўрганишга, янгича ишлашга, ўз билим ва тажрибасини оширишга интилмаса, манфаатпарастлик ва маишатга берилган бўлса, бу ҳолатни мутлақо кечириб бўлмайди.

6. Кутилмаган, ҳеч қандай протоколда қайд этилмаган "маршрут”лар жойлардаги раҳбарларни бўшашмасдан, доимо ишчан ҳолатда туришга ўргатади, деб ўйлайман.

7. Жойларда фақат менинг ташрифим олдидан кўча ва майдонларни тозалаш, бир кечада бинолар олдида "майсазор” ва "гулзор”лар пайдо қилиш, умуман, ҳақиқий ҳолатни бўяб кўрсатишдек хўжакўрсин ишлар давом этмоқда. Кўзбўямачилик, одамларни қийнаш, сохта ва баландпарвоз гапларга ўчлик йиллар давомида баъзи раҳбарларнинг қон-қонига шу қадар сингиб кетган эканки, улардан қутулиш қийин бўляпти.

8. Шахсан ўзим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда берилаётган янгиликлар, улар орқали билдирилаётган долзарб фикрлар, жамоатчиликнинг диққат-эътиборини тортаётган воқеа-ҳодисалар билан имкон қадар бевосита танишиб боришга ҳаракат қиламан.

9.2020 йилда 1723 мансабдор жиноий жавобгарликка тортилган, улар етказган зарар 500 миллиард сўм, 2021 йилнинг беш ойида эса 1696 мансабдорга жиноий иш очилган, етказилган зарар 450 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

10. Баъзи раҳбарларнинг бепарволиги ёки манфаатпарастлиги туфайли тураржой мавзеларида одамлар сайр қиладиган, спорт билан шуғулланадиган, фарзандлари билан бирга тоза ҳавода дам оладиган очиқ жойнинг ўзи қолмаяпти.

11.Тураржой мавзелари ичида коммунал инфратузилмалар – газ, электр энергияси, ичимлик суви ва канализация тармоқларини модернизация қилмасдан, янги бинолар қуриш амалиётига барҳам берилди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.