Ассалому алайкум қадрли тумандошлар,

Азиз меҳмонлар!

Шу кунларда халқимиз Ватанимизнинг кўп асрлик шонли тарихида мутлақо янги жамият барпо этиш йўлини очиб берган буюк тарихий сана Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик шодиёналари кенг нишонламоқда.

Юртимизда асрлар давомида халқимиз томонидан интилиб келинган эркин ва озод ҳаёт қуриш йўлидаги тарихий сана, барчамиз учун энг азиз ва улуғ бўлган ушбу қутлуғ айём истиқлолимизнинг чорак асрлик байрами билан Сиз азизларни, Сизнинг тимсолингизда барча тумандошларимизни самимий муборакбод этишдан бахтиёрман.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 июндаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилган, топталган қадриятларимиз, дину-диёнатимиз, ор-номусимизни тиклаш ўзлигимизни англаш, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятларни очиб берган ушбу қутлуғ сана бутун юртимиз "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас ватаним жоним сенга фидо Ўзбекистоним” деган бош ғоя остида юқори савида нишонланаётганлиги бежиз эмас албатта.

Зеро биз юртимизда янги хаёт барпо этишда хақиқий эркинлик ва истиқлолга эришиш-бу фақат мустақилликни қўлга киритиш эмас, балки уни ҳам сиёсий, хам иқтисодий жиҳатдан қуриш ва мустаҳкамлаш, халқаро ҳамжамиятда ўзимизга муносиб ўрин эгаллаш ва ҳурмат қозонишдан иборат эканини теран англаб олдик.

Бундан 25 йил аввал ўз мустақиллигимизни қўлга киритиб, аввало миллий давлатчилигимизни тиклаганимиз, жаҳондаги мустақил ва суверен давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаганимиз, ўзини оқламаган эски, мустабид тузумдан бутунлай воз кечиб, чуқур ўйланган миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларга асосланган, бутан дунёда "Ўзбек модели” деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегиясини амалга оширганимиз бугунги кунда биз танлаган йзимизга хос ва ўзимизга мос ривожланиш йўналиш энг тўғри ҳамда оқилона йўл эканлиги ўзи исботини топмоқда.

Мустақил тараққиётимизнинг асосий мақсади ва моҳияти эса «Ислоҳот - ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун» деган тамойилнинг ҳаётий ифодаси сифатида бўй кўрсатмоқда.

Ўтган 25 йиллик қисқа давр мобайнида амалга оширилган ва бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлган улкан бунёдкорлик ва ривожланиш йўли кўҳна ва узоқ тарихий аҳамиятга эга бўлган Нурота туманида ҳам ўз аксини топаётганлиги қувонарли ҳолдир.

Туманимизда қандай катта ютуқ ва марраларга эришганлигимиз тасдиғини англаш учун охирги йиллар давомида биз қўлга киритган натижаларни, туманимизнинг бугунги салоҳияти ва ўсиш суръатларини ўзида яққол ифода этадиган кўрсаткичларга эътибор қаратиш ўринлидир.

Сўнги 10 йилликда туманда 190 та намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қурилиб, 58 та замонавий ва ҳар томонлама кўркам умумтаълим мактаблар қайтадан қурилиб, реконструкция қилинган бўлса, 6 та ўрта махсус касб ҳунар коллежлари янгидан барпо этилди. Шунингдек, туман ёшларини истедод ва қобилятларини намоён этишларига кўмаклашиш, истедодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида туман марказида 5 сонли мусиқа ва санъат мактаби, Навоий ихтисослаштирилган санъат мактаб интернати ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг II типдаги спорт мажмуасини жаҳон андозалари асосида янгидан қурилганлиги ёшларимизни Республика, Осиё ва жаҳон чемпионатларида юқори натижаларни қўлга киритиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишларига замин яратмоқда.

Ҳурматли тумандошлар,

Барчамизга маълумки, ҳар йили анъанавий тарзда мустақиллик байрами арафасида янги-янги объектларни фойдаланишга топширилиши одат тусига айланган.

Жорий йилда ҳам ушбу анъанани узвий давом эттирган ҳолда давлатимиз мустақиллигининг
25 йиллиги арафасида 11,52,29,31,53 умумтаълим мактаблари, "Чўлигули” ва "Қалдирғоч” мактабгача таълим муассасаларида янгидан қуриш ва мукаммал таъмирлаш ишларини амалга оширилганлиги, Нурота ижтимоий иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида устохона биноси, "Э.Судур” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги маҳалла гузари, Жиноят ишлари бўйича туман суди биноси ҳамда туман ёнғин хавфсизлиги бўлимининг бинолари қарийб 6 млрд сўмлик маблағлар эвазига янгидан барпо этилганлиги, аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 10 км дан зиёд ичимлик сув тармоқларини қуриб фойдаланишга топширилганлиги тўйга тўёна бўлди десак адашмаган бўламиз.

Нурота туманида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини тахлил қиладиган бўлсак, 2012 йилда бор йўғи 7 хилдаги саноат махсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2016 йил холатига 28 хил турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйилишига эришилди.

Чет эл инвестицияларини жалб этиш борасида берилаётган имтиёзлар туфайли жорий йилда туманда яна бир хорижий инвесторлар иштирокидаги боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган "Нур-Ловубе”қўшма корхонаси фаолияти йўлга қўйилди.

Туманда мева етиштириш ҳажмини доимий равишда ошириб бориш ва томчилаб суғориш усулидаги боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самараси ўлароқ ҳозирда туманда мавжуд боғлар 1323 гектарга, шундан, замонавий интенсив усулда суғориладиган боғлар 900 гектарга етказилганлигини гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Бугун биз қўлга киритаётган бу юксак ютуқларнинг илдизи, замини нимада, деган саволга хар биримиз хеч иккиланмасдан, буларни барчасининг замирида аввало мустақиллик деб аталган бебахо неъмат, халқимизнинг фидокорона мехнати, унинг тобора юксалиб бораётган онгу тафаккури, эртанги кунга бўлган ишончи, эзгу орзу-интилишлари мужассам деб айтсак муболаға қилмаган бўламиз.

Эришилаётган ютуқларимиз эса Муҳтарам Юрбошимиз томонидан ҳамиша муносиб тақдирланиб келинаётганлиги ҳар биримизни янада куч-ғайрат ва фидоийлик кўрсатиш сари дадил ундайди. Бунинг исботи сифатида куни-кеча Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан 3 нафар тумандошларимизни меҳнатлари муносиб баҳоланиб, мамлакатимизнинг нуфузли медаддалри билан тақдирланганлиги, хусусан, туманимиздаги "Янгитурмуш” МФЙда истиқомат қилувчи 100 ёшдан ошган онахонимиз Эргашева Хурой ва "Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Нурота тумани таянч пункти директори Рузибаева Рисолат Фахриевналарга "Шухрат” медали берилганлиги ҳар бир Нуроталик юртдошимизнинг қалбида ўзгача фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди.

 

Муҳтарам Юртбошимиз таъбири билан айтганда мана шу саховатли заминда "Ўзбекистон - ягона уйимиз" деб яшаётган, қайси касб эгаси, қайси миллат ва элат вакили бўлмасин, барча юртдошларимиз Ватанимизда ҳукум сураётган тинчлик ва осойишталикни таъминлашда, қўлга киритган ютуқлар, эришган марраларда менинг хам муносиб мехнатим, муносиб ҳиссам бор, деб бошини баланд кўтариб, мағрурланиб гапиришга тўла ҳақлидир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

 

Азиз тумандошлар,

Истиклол бизга берган бебахо бойлик ва имкониятлар, эришган натижаларимиз хакида кўп сўз юритиш мумкин.

 

Шундай экан оллоҳнинг назари тушган, Ўзбекистон деб аталмиш гўзал ва бетакрор ўлкада туғилиш, унинг бағрида камол топиш хар кимга хам насиб этмайди. Ана шу хақиқат азиз ёшларимизни қалбидан, юрагидан чуқур жой олишини, Ватан севгиси, Ватанга садоқат туйғуси уларга умурбод ёр бўлишини истардим.

Мустақил юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз дастурхони ҳар доим тўкин бўлсин.

Яна бир мартоба Юртимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллик шодиёналари барчангизга муборак бўлсин азизларим.
 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР