Муҳтарам устоз ва мураббийлар!
Юртимиз ёшларига билим ва одамийлик сабоқларини бериб, соғлом вояга етишида фидойилик кўрсатиб келаётган Сиз азиз ўқитувчиларнинг, барча таълим соҳаси жонкуярларининг фидокорона меҳнатларини халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар, кадрлар тайёрлаш Миллий дастури ва мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури асосида сизлар қилаётган эзгу ишлар таҳсинга сазовор.
Фарзандларимизни илм-фан чўққиларини забт этган, пухта билимли, мустақил фикрли, ватанпарвар қилиб тарбиялаш Сизнинг зиммангизга юкланган буюк вазифадир. Бу вазифани шараф билан бажараётганингиз учун халқимизнинг эҳтиромига сазовор бўлмоқдасиз. Ёшларимизни етук инсон ва мутахассислар этиб тарбиялаётган сиз азизлар буюк келажагимизнинг тамал тошини қўйишдек улуғвор ишларга камарбастасиз. Бу билан ҳар қанча фахру ифтихор қилсангиз арзийди.
Муҳтарам Юртбошимиз айтганларидек, сизлар устозликнинг буюк ва шарафли шаънини улуғлаб келмоқдасиз. Ёш авлодни юксак маънавиятли, билимли қилиб тарбиялашдек масъулиятли ва шарафли ишингиз билан мустақил Ватанимиз равнақига катта ҳисса қўшмоқдасиз. Бугунги кунда сизларнинг шогирдларингиз юртимиз шаънини юксалтириб, довруғини дунёга достон этмоқда.
Юртимизда устозлар ва мураббийлар ҳамиша эъзозланиб, меҳнатлари юксак қадрланиб келинмоқда. Сизларга давлатимиз томонидан берилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг чеки йўқ.
Қадрли устозлар ва мураббийлар!
Барчангизни 1-октябрь - "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" байрами билан қизғин табриклайман. Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилаларингизга қут-барака ва фаровонлик тилайман. Бахтимизга омон бўлинг, азизлар!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.