Азиз тумандошлар!

Қадрли дўстлар!

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Нурота туманида ҳам янгиланиш ва эзгулик рамзи, шарқона янги йил саналмиш Наврўз байрами кенг нишонланаётган файзли ва шукуҳли дамларда Сиз азизларни, Сизнинг тимсолингизда оила аъзоларингизни, қолаверса, барча тумандошларимизни қизғин муборакбод этишдан, барчангизга самимий меҳр ва эҳтиромимни билдириб, эзгу тилакларимни изҳор этишдан ғоят бахтиёрман.

Айни мана шундай унитилмас, гўзал кунда жамулжам бўлиб ўтирган Сиз азиз тумандошларимга кириб келаётган Нарўз байрами хонадонларингизга шоду хуррамлик, сиҳат-саломатлик, бахту саодат, янги омадлар олиб келишини, кексаю ёш, қолаверса, ҳар бир тумандошимизни қалбининг тўрида бўлган энг ёруғ, эзгу орзу-ниятларини ушалишини чин юракдан тилаб қоламан.

     Қадрли тумандошлар!

Маълумки, Нурота тумани минтақаси ўзининг ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий салоҳияти бўйича вилоятимизнинг ўзига хос алоҳида аҳамиятга эга ҳудудлардан бири ҳисобланади.

Истиқлолнинг илк кунларидан эътиборан мамлакатимизда олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли барча ҳудудларда бўлгани каби Нурота тумани ҳам ҳар томонлама ривожланмоқда, айниқса сўнгги йилларда туманнинг меъморий қиёфаси тубдан ўзгариб, кўркига кўрк қўшилмоқда, янги ижтимоий-маданий объектлар, жаҳон андозаларига мос келадиган мехмонхона, бир-биридан шинам намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар барпо этилиб, "Обод қишлоқ" дастури доирасида узоқ аҳоли пунктларимизда бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. 

 Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари қадимий Нуротада ҳам ўз аксини топаётганлигини, халқ фаровонлиги ва турмуш даражасини яхшилаш, фарзандларимизни комил инсонлар бўлиб етишишларига зарур шарт-шароитлар яратиб бериш ҳамда озод ва обод Ватанимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига сафарбар этиш эзгу ниятларимизга айланиб бораётганлиги кўз ўнгимизда яққол намоён бўлмоқда.

 Туманимиз ҳаётидаги яна бир тарихий воқеа-жорий йилнинг 12 мартида Муҳтарам Президентимизнинг Нурота туманига ташрифларини амалга оширилганлиги, туманимиз келажаги, халқимизнинг истиқболи учун улкан имкониятлар эшигини очиб берди, десак муболаға қилмаган бўламиз.

 Муҳтарам Президентимизнинг кўҳна ва узоқ тарихий аҳамиятга эга бўлган Нурота тумани ҳамда унинг меҳнаткаш ва олийжаноб халқига бўлган юксак эътиборлари самараси ўлароқ, бугунги кунда Нурота туманини барча жабҳаларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган Вазирлар Маҳкамасининг қарори тайёрланмоқда.

 Бундан ташқари, Ғозғон қўрғонига алоҳида шаҳар мақомини бериш ва уни кичик саноат зонасига айлантириш бўйича ҳам амалий ишлар бошлаб юборилди. Худди шунингдек, Президентимиз топшириқларига мувофиқ туманимиз аҳолиси учун "Ҳар бир оила тадбиркор" лойиҳаси доирасида 63,0 млрд.сўмдан зиёд имтиёзли кредит ресурслари ажратилмоқда.           Муқаддас "Чашма" тарихий меъморий мажмуасида комплекс барпо этиш борасидаги топшириқларига асосан кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.

Азиз тумандошлар!

Юртимизни тобора обод бўлиб, унинг қиёфаси бутунлай ўзгараётган, Ватанимизнинг илдам ривожланиб боришини таъминлаётган, ўзгаларнинг ҳавасини тортаётган бундай ютуқларнинг боиси, авваламбор, мамлакатимизда тинчлик, сиёсий ва иқтисодий барқарорлик, миллатлар ва фуқаролараро тотувлиги, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат ҳукм сураётганидир.

 Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, олдимизда эзгу орзу ниятлар, қатор бунёдкорлик ишларини амалга оширишдек, улкан мақсадларимиз турибди. Уларни амалга ошириш бизнинг ўзимизга, меҳнатимизга, шижоатимизга боҚлиқдир. Истиқлол йилларида юртимиз янада обод ва озод масканга айлансин.

  Табиатга мафтункорлик бахшида этаётган Наврўзи олам юртимизга қут-барака олиб келсин. Юртимиз осмони тинч ва осойишта, қалбларимиз фидойиликка ошно бўлаверсин. Меҳр-оқибат, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик ва шукроналик каби эзгу хислатларни ўзида мужассам этган гўзал фазилатлар Сиз азизларни асло тарк этмасин.        

    Наврўзи олам барчамизга яна бир бор муборак бўлсин, азизлар!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.