Тошкентда Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг раислари ва аъзолари, шунингдек ҳудудий матбуот марказлари раҳбарлари учун ташкил этилган икки кунлик республика семинар-тренинги ўз ишини бошлади.

 

Унинг ишида Марказий сайлов комиссияси аъзолари, сайлов ҳуқуқи бўйича миллий экспертлар, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

 

Семинар округ сайлов комиссиялари аъзоларининг миллий сайлов қонунчилиги ва уни амалиётда қўллаш ҳақидаги хабардорлик даражасини ошириш, округ сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил қилишнинг турли жиҳатларини, сайлов комиссияларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича долзарб вазифаларини муҳокама қилишга қаратилгандир.

 

Марказий сайлов комиссиясининг раиси Мирза-Улугбек Абдусаломов таъкидлаганидек, мамлакатимиз йилнинг муҳим сиёсий воқеаси - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасида турибди. Демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини очиқ ва адолатли сайловларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сайловлар мобайнида кишиларнинг турли фикрлари, орзу-умидлари намоён бўлади.

 

Истиқлол йилларида Ўзбекистонда амалга оширилган изчил, босқичма-босқич ислоҳотлар натижасида демократик талабларга ва умум эътироф этилган халқаро стандартларга жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш кафолатларини таъминлайдиган миллий сайлов тизими яратилди.

 

Сайловларнинг қонун талабларига тўла мувофиқ равишда очиқлик ва ошкоралик асосида ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайдиган сайлов комиссияларининг мустақил тизими амал қилиши миллий сайлов тизимининг энг муҳим хусусияти ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари амалга оширади. Марказий сайлов комиссиясининг фаолияти сайловни демократик тамойилар асосида ташкил этиш ва ўтказишга, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришлари учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилгандир.

 

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари ўз ишида қонунийлик, сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги каби тамойилларни таъминлаш каби муҳим масалаларга доимий равишда эътибор беришлари лозим.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси ва "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ сайлов умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

 

Икки кунлик семинар-тренинг давомида миллий сайлов қонунчилигидаги сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, сайлов комиссияларининг сиёсий партиялар билан ўзаро муносабатлари масалалари, халқаро сайлов стандартлари, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари, сайловнинг очиқлиги ва ошкоралиги, кузатувчилар институтининг сайлов жараёнидаги ўрни ва аҳамияти, шунингдек бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг бошқа жиҳатларига бағишланган маърузалар тингланади.

 

Семинар иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази, Тошкент шаҳар округ сайлов комиссияси фаолияти билан ҳам танишадилар
 
elections.uz Сайтидан олинган

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.