Мустақиллик арафасида яна бир янги бино қад кўтарди

Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби бизнинг туманимизда ҳам кўплаб маданий-маиший иншоотлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, замонавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Жорий йилнинг 12 август куни шаҳримиздаги Эшон Судур маҳалласи ҳудудида жойлашган, замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган "Маҳалла” фуқаролар йиғинининг янги биноси очилиш маросими бўлиб ўтди. Истиқлолимизнинг йигирма беш йиллигига бағишлаб қад рослаган, муҳташам, замонавий кўркам бино байрам туҳфаси сифатида қуриб, фойдаланишга топширилди.

Бинонинг очилиш маросимида тумандаги 32 маҳалла фуқаролар йиғинларининг ходимлари, туман Хотин-қизлар қўмитаси, ОАВ вакиллари ва маҳалла фаоллари иштирок этишди. Маросимида туман ҳокими К.Турсунов сўзга чиқиб йиғилганларни мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами билан қутлаб, бинони тез ва сифатли қилиб қурилишида "Аҳтам Амон” қурилиш фирмасининг қурувчиларига ўз миннатдорчилигини билдирди. Маҳалла фуқаролар йиғинининг кўркам ва муҳташам бўлишида жами 280 млн. сўм маблағ эвазига қуриб битказилди.

Маросимда вилоят маҳалла хайрия жамоат фонди раиси Н.Исоқов, туман маҳалла фуқаролар йиғини раиси И.Нусратовлар янги бинода иш бошлаётган Эшон Судур маҳалла фуқаролар йиғини ходимларига омадлар тилашди.

– Бир йилда шундай катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишларини бажариш бундан 25 йил олдин ушалмас орзу, катта армон эди, – дейди маҳалла фаоли Акрам ота Рахимов. – Чунки собиқ тузум даврида қишлоқларда давлат эътибори билан бундай кенг кўламли қурилиш ишлари бўлишини тасаввурга сиғдириб бўлмасди. Бугун эса мамлакатимиздаги ҳар бир маҳалла, қишлоқ ана шундай қиёфага кирмоқда. Қисқа вақтда маҳалламиз марказида аҳолига замон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш, мушкулини осон қилиш мақсадида қурилган ушбу бино ва иншоотлар ҳудудни янада обод ва кўркам масканга айлантирди. Бутун маҳалламиз аҳли давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан хурсанд.

Мустақиллик арафасида яна бир янги бино қад кўтарди


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР