Мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очган Ўзбекистонимиз мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш, ўтган давр мобайнида она юртимиз, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тобора очилиб, гўзал булиб бораётганини, шу заминда яшаётган инсонларнинг кайфияти, бугунги ҳаётдан розилигини, эртанги кунга ишончини, барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини юртимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш, ватандошларимизни янги марралар сари рухлантириш мақсадида,

 ҚАРОР ҚИЛАМАН:

 1.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 июндаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-2540-сонли қарори ҳамда вилоят ҳокимининг 2016 йил 6 июндаги Қ-91-сонли қарорлари раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.

2.Байрамга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича туман комиссияси таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Туман комиссияси бир ҳафта муддатда "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқсин.

4.Мазкур дастурни тайёрлашда қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилсин:

мустақиллик ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилгани, топталган қадриятларимиз, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятлар очиб берганини кенг ёритиш;

мамлакатимиз суверенитетининг иқтисодий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган энг муҳим стратегик дастурлар, жумладан, Ўзбекистоннинг ғалла мустакиллиги, ёқилғи-энергетика, транспорт-коммуникация соҳасидаги мустақиллигини таъминлаш, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, замонавий корхоналар барпо этиш ва уларни илғор техника ва технологиялар билан жиҳозлаш борасидаги улкан ишларнинг маъно-мазмунини аниқ мисоллар орқали кўрсатиб бериш;

юртимизнинг илгариги қолоқ иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги халокатли даражада авж олган аграр ўлкадан бугунги кунда изчил тараккий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланганини чуқур таҳлилий асосда талқин қилиш. Бу борада иктисодиётда саноатнинг улуши 34 фоизга етгани, экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 70 фоиздан зиёдни ташкил этаётгани кўп нарсадан далолат беради. Бугунги кунда иқтисодиётимизда етакчи ўринни эгаллаб келаётган нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, автомобилсозлик, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқларнинг жадал ривожланаётгани билан боғлиқ факт ва рақамларга алоҳида урғу бериш;

мустақиллик йилларида иқтисодиётимиз қарйиб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробар дан зиёд ошгани, олтин- валюта заҳираларимиз барқарор суръатлар билан кўпайиб бораётгани мисолида кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларимизнинг амалий самарасини кўрсатиш;

олдимизга қўйган юксак марраларга эришиш йўлида мамлакатимизнинг халқаро майдонда рақобатдошлигини ошириш, иқтисодиётимизни янада модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан тараққиётимизнинг локомотиви бўлган етакчи тармоқларни жадал ривожлантириш, иқтисодиётимизда давлат иштирокини босқичма-босқич камайтириб бориш, Конституциямизда кўзда тутилган хусусий мулкнинг устуворлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг самарасини янада кучайтириш каби ўта муҳим йўналишларнинг аҳамиятини жамоатчилигимизга, халқимизга содда ва таъсирчан усулларда етказиш.

Жумладан, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот хажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш бўйича белгилаб олинган аниқ режа ва дастурларни амалга ошириш учун, ҳали-бери давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий таъсирларига қарамасдан, қатьият билан илгарилаб боришимизга асос бўлаётган мезон ва омилларнинг моҳиятини очиб бериш;

қишлоқ хўжалиги соҳасида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилиб, фермерлик харакати учун катта имкониятлар яратилгани, хозирги кунда фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90-92 фоизини етказиб бериш билан бирга, қишлоқ тараққиётида ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий ҳаракатга ва етакчи кучга айланиб бораётганини кенг ёритиш;

юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи 1990 йилда импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётганини;

ўтган давр мобайнида аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,4 баробар, сут ва сут маҳсулотлари - 1,5 карра, картошка - 1,9 марта, сабзавот-2,6 баробардан ортиқ, мева 6,3 марта кўпайгани ва бошқа ҳаётий мисолларни мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори сифатида акс эттириш;

мустақилликка қадар юртимизда умуман мавжуд бўлмаган, бугунги кунда эса жамиятимизнинг қудратли таянчига айланиб бораётган ўрта синф - мулкдорлар синфининг жадал ривожланиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,5 фоизга етгани, айни шу тармоқда иш билан банд аҳолининг 77,9 фоизи меҳнат қилиб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётганини таҳлилий асосда кўрсатиш;

жамиятимиз хаётини бутунлай ўзгартирган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш ва бошқа умуммиллий дастурларимизни амалга ошириш натижасида мамлакатимизда ўн икки йиллик мажбурий ва бепул, умумий ва ўрта махсус таълим тизимига, икки боскичли олий таълим тизимига асос солиниб, замонавий янги авлод кадрларини тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор яратилгани Ўзбекистонимизнинг жаҳон майдонида рақобатдошлигини таъминлашнинг ишончли замини бўлиб хизмат қилаётганини теран ифода этиш;

биз учун ўта муҳим бўлган соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, кекса авлод вакиллари, хотин- қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг хуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун амалга оширилаётган улкан ишларга алоҳида аҳамият бериш.

Жумладан, давлат бюджетимизнинг социал соҳаларга йўналтирилган йиллик харажатлари изчил ошиб бораётганини, биргина 2015 йилда ушбу рақам 60 фоиздан ортганини бу борадаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий натижаси сифатида кўрсатиш;

ёш авлодимизни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш мақсадида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг моҳиятини, хусусан, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан туманимизда мусика ва санъат мактаби, спорт иншоотлари бунёд этилгани, сўнгги ўн йилда болалар ва ўсмирлар ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси 30 фоиздан 57 фоизга, қизлар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етгани ва бошқа мисоллар асосида ана шундай амалий ишларимизнинг аҳамиятини атрофлича ёритиб бериш;

юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Куролли Кучларни ислоҳ қилиш ва миллий армиямизнинг салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган, кўлами ва миқёсига кўра улкан ўзгаришлар бўйича кенг тушунтириш ишларини олиб бориш;

бугун биз бошимиздан кечираётган ўта таҳликали замонда, ён- атрофимизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраш, миллатлар ва фуқаролараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо хушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини чуқур очиб бериш;

Ўзбекистоннинг халқаро майдонда олиб бораётган, яқин ва узоқ қўшни мамлакатлар билан дустона алоқалар, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қаратилган ташқи сиёсатини, дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган қарама-қаршилик ва тўқнашувларни фақатгина сиёсий музокаралар, тинчлик йўли билан ҳал этиш ҳақидаги ёндашув ва қарашларининг мазмун-моҳиятини атрофлича ёритиш.

Хусусан, мамлакатимизнинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслиги, юртимиз ҳудудида чет давлатларнинг ҳарбий базалари жойлаштирилишига, ҳарбийларимизнинг хорижий мамлакатлардаги жанговар операцияларда қатнашишига йўл қўймаслик бўйича қонуний асосда белгилаб олинган қатъий позициясини кенг жамоатчиликка етказиш.

5.Ўзбекистан Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича вилоят комиссияси томонидан туманимизда Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида учрашув ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, адиблар ва санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳлари ташкил этилганлиги ҳамда уларнинг фаолият олиб боришига кўмаклашиш туман комиссияси раисининг ўринбосари зиммасига юклатилсин.

6.Байрам тантаналари арафасида фойдаланишга топшириладиган ишлаб чиқариш, ижтимоий-маданий объектларни ўз вақтида ишга тушириш чоралари кўрилсин.

7.Туман комиссияси ўз йиғилишларида белгиланган чора-тадбирлар жойларда қандай амалга оширилаётгани юзасидан ҳар бир корхона ва идора раҳбарлари ҳисоботини мунтазам равишда эшитиб борсин.

8.Туман ҳокимлиги Маънавият тарғибот бўлими, туман Маданият ва спорт ишлари бўлими, туман Хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот” ёшлар ижтимоий харакати туман Кенгаши, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда "Истиқлол фарзандлари” ва "Келажак бизники, марра бизники!” деб номланган ёшлар фестивалларини, "Ўзбекистон - умумий уйимиз” туман дўстлик ва маданият фестивалини, "Миллий ғоя - бизнинг ғоя” илмий-амалий анжуманини, шунингдек, юртимиз мустақиллигини тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун "Ягонасан, муқаддас Ватан!” танловининг туман боскичини ҳамда "Энг улуғ, энг азиз”, "Ватан учун яшайлик!”, "Ранглар жилосида - она диёр мадҳи”, "Сени куйлаймиз, замондош!”, "Истиқлол солномаси”, "Бу - менинг Ватаним” каби анъанавий кўрик-танловларнинг юқори даражада ўтказилишини таъминласин.

9.Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан байрам тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджет ҳамда хайрия маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилаб қўйилганлиги инобатга олинсин.

10."Нурнома” газеталари таҳририяти давлат корхонаси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мустақилликнинг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

11.Ушбу қарор "Нурнома” газетасида расман эълон қилинсин ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.

12.Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

13. Ушбу қарор бажарилишини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.


 

 

Туман ҳокими К.Турсунов

 2016 йил 8 июнь Қ-356

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР