Конституцияда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси дунёдаги энг илғор, энг инсонпарвар, адолатли Конституциялардан десак муболаға қилмаган бўламиз...

Келажаги буюк давлат қуриш, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш, ҳаётимизни тараққий топган давлат ва халқларнинг ҳаёти даражасига кўтариш сингари эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқишида Асосий қонунимиз – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосий роль ўйнайди.

Конституциямизнинг давлатимиз, жамиятимиз ва ҳар бир инсон саъй-ҳаракатларини, уларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб ва чегаралаб берувчи қомус сифатидаги аҳамияти беқиёсдир. Конституция асосида қабул қилинган қонун ва фармонларнинг устиворлиги, қонун олдида барчанинг тенглиги ва масъулиятини таъминлаш, унинг ўрни, аҳамияти ва маъно-моҳияти тўғрисидаги таъриф ва тарғибот бугунги кунда янгича мазмун касб этмоқда.

Конституция (лотинча constitutio – ўрнатиш, тузилиш) – моддий маънода аввало инсон ва фуқаро ҳуқуқлари, эркинликларини мустаҳкамловчи ва кафолотловчи, шунингдек ижтимоий тузум асосларини, бошқарув шакли ва давлат тузилиши асосларини, ҳокимият марказий ва маҳаллий органларини ташкил этиш асосларини, уларнинг ваколатлари ва муносабатларини белгилайдиган қонун ҳужжати, ҳужжатлар ёки конституциявий одатлар мажмуи. Расмий маънода барча қонунларга нисбатан олий юридик кучга эга бўлган асосий қонун.

Конституция атамаси қадимда сиёсий тузум маъносини англатган. Конституция хуқуқий давлатнинг асосий белгиси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақил юртнинг биринчи Конституцияси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 12-чақириқ, 11-сессиясида (1992 йил, 8 декабрь) хуқуқий ва аҳамиятга молик хужжат - Мустақиллик конституцияси қабул қилинди. У иқтисодиётда, ижтимоий-сиёсий муносабатлар ва маънавий хаётда чуқур ислоҳатлар ўтказиш учун пухта ҳуқуқий пойдевор яратди. Мустақил Ўзбекистон Конституцияси жахон ҳамжамиятининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқларини тўла мужассам қилади.

Ушбу Конституция инсон ҳуқуқлари соҳасидаги барча муҳим қоидаларни, инсоннинг яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, мулкдор бўлиш ҳуқуқи ва бошқа шу каби ҳуқуқларини ўз ичига олгандир. Конституциямиз нафақат юридик ҳужжат, балки у миллий мафкурамизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий асосини ташкил этувчи умуминсоний ғояларга хизмат қилади. Давлат ва жамият ривожланишининг муҳим йўналишларини ва уларнинг тузилишларини белгилаб берадиган, тартибга келтирадиган олий юридик ҳужжат Конституциядир.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ушбу мамлакатда яшовчи халқнинг ҳуқуқий демократик давлат адолатли фуқаролик жамияти, эркин ва фаровон ҳаёт қуришдек орзу-ҳаваси ўзининг тўла ифодасини топган.

Конститутциямизнинг 7-боби - фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига бағишланган.

Жумладан, Конституциямизнинг 24-моддасида "яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир”, дейилган. Бу дегани яшаш ҳуқуқи инсоннинг табиий ҳуқуқи ҳисобланади. Инсоннинг табиий ҳуқуқи ( яшаш ҳуқуқи) ва уни ҳимоя қилиш давлат ҳамда барча жамоат тузилмалари фаол ҳаракатларининг кенг доирасини, ҳар бир мавжуд инсон турмушининг хавфсиз ижтимоий ва табиий муҳитини, турмуш шароитини ўз ичига олади.

Инсоннинг яшаш ҳуқуқи, у ким бўлишидан қатъи назар, қону­ний таъминланади. Мазкур норма 1948 йилда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясига ҳам тўлиқ мос тушади.

"Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас”, – деб битилган Конституциянинг 26-моддаси 3-хатбошисида. Бу дегани ҳеч бир инсонда унинг устидан илмий тажриба қилиб кўрилиши мумкин эмас, агарда унинг розилиги бўлмаса.

Шунингдек, асосий қомусимизнинг 27-моддадасида, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмаслиги қатий белгилаб берилган. Ушбу норма билан жамиятда яшовчи фуқароларнинг шаъни ва обрўси энг олий қадрият сифатида баҳоланганлиги, унинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ сирларни ошкор қилиши ёки бошқача тарзда оммавий эълон қилиниши қонун билан таъқиқланган.

Бундан ташқари, конституциянинг 28-моддасида, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.

Хулоса ўрнида, мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, дунёдаги илғор тажриба ва мавқега эга бўлган мамлакатларнинг конституцияларидаги инсонпарварлик ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини белгилаб берувчи нормалар ҳамда юксак қадриятларни ўзида мужассам этган энг инсонпарвар асосий қонун деб атасак ҳеч қандай муболаға қилмаган бўламиз.

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Навбаҳор туманлараро суди

Девонхона мудири Д.Ражабов 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.