Сарбаланд бўл,  Ватан байроғи
  (Ўзбекистон байроғи юксакларда ҳилпирамоқда.)
   
Кўҳна тарих сўйлайди бисёр,
Ҳар Ватаннинг дилкаш туғи бор,
Эл-юрт учун ялов-ифтихор,
Дилга яқин кўзим қароғи,
Сарбаланд бўл, Ватан байроғи..

Байроқ тутиб юртларни кездим,
Кезган сайин юрт меҳрин сездим,
Кўрмай қолсам ғарибдай тўздим,
Меҳригиё-кўзим қароғи,
Сарбаланд бўл, Ватан байроғи..

Ўзга юртдан излайверма бахт,
Ўз тупроғинг сенга тожу тахт,
Бўл байроғинг остида сармаст,
Байроғингдир кўзинг қароғи,
Сарбаланд бўл, Ватан байроғи..
 
Ҳар нарсадан қилаверма арз,
Икки қўлдан чиқар ахир қарс,
Фахру ғурур сенга бўлсин дарс,
Дилга яқин кўзим қароғи,
Сарбаланд бўл, Ватан байроғи..

Курашларда кўтардик байроқ,
Ғолиб бўлдик, йўллар бўлди оқ,
Музаффарлик тарк этмас чароғ,
Дилга яқин кўзим қароғи,
Сарбаланд бўл, Ватан байроғи..

Гар йўқотсам вужудимда ўқ,
Сендан бўлак қалбга яқин йўқ,
Маккада ҳам муқаддас бир чўғ,
Ўзинг Каъбам, юртим байроғим,
Сарбаландсан, Ватан байроғи.

Теграмдаги эй шамсу қамар,
Тийру камон-дилкаш суманбар,
Сени тутиб дунёда самар-
Топдим ўрним, чашмим қароғи,
Сарбаланд бўл, Ватан байроғи..

Чарх уравер бошларим узра,
Юксалавер, чўққилар кўзла,
Ўзбекистон! Сен бахтдан сўзла,
Тўтиёйим - кўзим чароғи,
Ҳилпиравер, Ватан байроғи..
 
 
 НУРОТАМИЗ ЮРТИМИЗНИНГ ЛАБИДАГИ ХОЛ БЎЛСИН
Нуротанинг чўлларидан сурув-сурув қўй келар,
Алп келбатли  Алпомишдан Ойбарчинга тўй келар,
Шаҳри Нурда кўнгилларга ахир эзгу куй келар,
Қўй кўпайсиз, тўй кўпайсиз чўлингизда мард чўпон,
Истагим шу:  шаҳри Нурда бошингиз бўлсин омон.

Олинг ака, олдирмангиз десин сингил Қалдирғоч,
Келинг фақат янгам билан очайин ўзим қулоч,
Жигаримнинг йўлларига қадим қуёш нуринг соч,
Қўй кўпайсин, тўй кўпайсиз чўлингизда мард чўпон,
Истагим шу: бу Ватанда  бошингиз бўлсин омон.

Карвон мағрур борар бўлсин Буюк Ипак йўлида,
Ғанимларни янчиб борсин доим ўнгу сўлида,
Мангуберди Саманидай Саман бўлсин қўлида,
Кўпкарилар берсин мардлар чўлингизда  мард чўпон,
Истагим шу: Нур шаҳрида бошингиз бўлсин омон.

Мулки Турон ким мақтамас Бобурийлар отини,
Мағрурликда лол қолдирган Боязидлар зотини,
Вафодорлик шиор  бўлсин авлодларга ботиний,
Вафо бўлсин ўйингизда,тўйингизда мард чўпон,
Истагим шу, бу Ватанда бошингиз бўлсин омон.

Дупур-дупур от кетидан дупур-дупур той келар,
Бойчиборни минганларга паричеҳра ой келар,
Қаранг дўстлар! Ўзбек деган ҳаммасидан бой келар,
Қўй кўпайсин, тўй кўпайсин бағрингизда мард чўпон,
Истагим шу, бу тупроқда бошингиз бўлсин омон.

Кўролмаслар куйиб-куйиб беллари ҳам дол бўлсин,
Қирмиз-қирмиз қизларимиз ёноқлари ол бўлсин,
Нуротамиз юртимизнинг лабидаги хол бўлсин,
Алёр айтай карвонларда тўйингизда мард чўпон,
Истагим шу: бу Ватанда бошингиз бўлсин омон!
Шарбат МУХТОРОВА,
                                                        "Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.