Амир Темур ибн амир Тарағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси амир Муҳаммад Тарағай барлос улусига мансуб беклардан, баҳодир жангчи, уламою фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган.

 Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.

 Буюк аждодимиз - Соҳибқирон Амир Темур нафақат ўзбек халқининг, балки адолат деб яшаган, яшаётган, яшайдиган инсониятнинг қалбидан чуқур жой олган, десак муболаға бўлмайди.Амир Темур ва Темурийлар даврида, яъни XIV-XV асрларда Самарқанд маркази фан, адабиёт, мусиқа ва тасвирий санъат, халқ театри, рақс санъатлари юксак ривожланган марказ сифатида тан олинган.

 

Амир Темур давлатни идора қилишда адлу адолат, қонун устуворлигига асосланиб иш кўришга, фуқаро манфаатларини кўзлаб сиёсат юргизишга алоҳида эътибор берди. Мамлакат ҳаётига дахлдор ҳар бир катта-кичик масалада ўзига яқин тутган хос кишилар, дину илм аҳллари, ҳар соҳанинг билимдон вакиллари билан маслаҳатлашиб, кенгашиб   фаолият юритади. Унинг ақл-заковати ва донишмандлиги маҳсули бўлган "Тузуклар"да буюк давлатни бошқаришнинг барча асосий тамойиллари, йўл-йўриқлари ҳар жиҳатдан асослаб берилган эди. Таниқли хорижлик олим Д. Логафетнинг ёзишича, "Европада конституция ҳақида оддий тушунчага ҳам эга бўлишмаган даврларда унинг давлатида конституциявий қонунлар мажмуаси - "Тузук" мавжуд бўлган".

"Темур тузуклари"да давлат тузилишининг асосий бўғинлари, уларнинг вазифа, функциялари, вазирларнинг фаолиятлари, турли хил ижтимоий гуруҳлар, табақаларга муносабат, қўшин тузилиши, давлатнинг молия ва солиқ сиёсати, мулкий муносабатлар ҳамда шу сингари долзарб масалалар, уларни ҳал этиш йўллари аниқ-равшан ифодаланган. Шунингдек, "Тузуклар"да ҳар бир масалани ҳал этишда, воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилишда холис кўз билан ёндашиш, фуқаро аҳлига жабр қилмаслик, юртга хиёнат этмаслик, дину диёнатга, қонун устуворлигига қатъий амал қилиш, адолат ва ҳақиқат мезонлари билан фаолият юритиш лозимлиги қайта-қайта таъкидлаб ўтилган.

 "Тузуклар"да "… турку тожик, арабу ажамнинг турли тоифада ва қабилаларидан бўлган ва менинг паноҳимга кирган кишиларнинг улуқларига ҳурмат кўрсатдим, қолганларини ҳам ўз ҳолига яраша сийладим. Яхшиларга яхшилик қилдим, ёмонларини эса ўз ёмонликларига топширдим. Ким менга дўстлик қилган бўлса, дўстлиги қадрини унутмадим ва унга мурувват, эҳсон, иззату икром кўрсатдим, кимки менинг хизматимни қилган бўлса, хизматини адо қилдим...", деб таъкидланишининг ўзиёқ Амир Темур юргизган сиёсатнинг асл моҳиятини рўй-рост кўрсатиб берди.      

                                                                            Лазизжон БОЗОРОВ,

Нурота туман "Нурнома” газетаси таҳририяти ДК бош муҳаррири.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.