Кейинги пайтларда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш  учун  рухсатнома олмасдан ноқонуний  турар-жойлар қуриб  олаётганлар  ҳамда  кўп  йиллардан буён турар-жойларини  расмийлаштиришга  рухсат ололмаётган фуқароларнинг эътирозини эшитиб қоляпмиз. Президентимизнинг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида» 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сон Фармони айни шу муаммолар ечимини топишда катта дастуриламал бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Фармон  асосида Ўзбекистон  Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарори билан  кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида низоми  қабул қилинди. Унга биноан  фуқароларимиз томонидан  узоқ  йиллардан буён яшаб келган, аммо уни сотиш ёки фарзандларига мерос сифатида қолдиришда бино ва иншоот ҳамда ерга бўлган мулкий ҳуқуқи йўқлиги сабабли кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда муаммо ва тўсиқларга дуч келишмоқда. Эндиликда  қарорга мувофиқ ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун жисмоний шахс иморат  жойлашган  ҳудуддаги  Давлат  хизматлари маркази орқали туман -шаҳар ҳокимига  мурожаат қилиши мумкин.

    Фуқароларнинг аризаларини кўриб чиқиш учун  Давлат хизматлари маркази томонидан йиғим ундирилмайди,  бир марталик акция доирасида тўланадиган бир марталик йиғим бундан мустасно. Ариза рўйхатдан ўтказилгандан кейин  марказ ходими мурожаат этувчига ариза олингани тўғрисида тилхат беради ёки рўйхатдан ўтказиш рақамини кўрсатган ҳолда, ариза нусхасида унинг қабул қилингани тўҚрисида тегишли ёзувни қайд этади.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун тақдим этилган мурожаатларни кўриб чиқиш комиссия ишчи органи ариза келиб тушгандан сўнг 3 иш куни мобайнида мурожаат этувчининг аризасида кўрсатилган жойга чиққан ҳолда ўзбошимчалик билан қурилган иморат ўрганиб чиқилиб, далолатнома расмийлаштирилади. Далолатномада комиссия аъзоларининг хулосалари акс эттирилади ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги, шу жумладан иморат жойлашган ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилиши мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги кўрсатилади.

Далолатномага комиссия ишчи органи томонидан ўрганиш давомида тузилган кўчмас мулк объектининг плани илова қилинади. Комиссия томонидан шахснинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин деб топилганда комиссия ишчи органи далолатнома тасдиқланган куннинг ўзида Давлат хизматлари марказига мурожаат этувчи бир марталик йиғимни тўлаши учун электрон шаклда ҳисобварақ-фактурани тизим орқали юборади.

Мурожаат этувчи томонидан бир марталик йиғим белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда, унинг ўзбошимчалик билан қурилган иморатига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ишлари тўхтатиб турилади. Мурожаат этувчи томонидан бир марталик акция муддати тугагунга қадар тўлов амалга оширилмаса ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди.

Комиссия ишчи органи мурожаат этувчи томонидан бир марталик йиғим тўлангандан кейин икки кун ичида далолатнома асосида мурожаат этувчининг ўзбошимчалик билан қурилган иморатига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида туман-шаҳар ҳокимига қарори лойиҳасини тақдим этади. Унда ўзбошимчалик билан қурилган иморат мулкдорига иморат қурилган ер участкасига (участканинг бир қисмига) мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини бериш ҳам назарда тутилади.Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳамда ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисида туман -шаҳар ҳокими қарорининг нусхаси бир иш куни мобайнида  Давлат хизматлари марказига юборилади. Марказ  ходимлари бир соат мобайнида мурожаат этувчини бу ҳақда   хабардор қилиб, қарор нусхасини  тақдим этади. Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади, деган тамойил асосида амалга оширилаётган тезкор ишларимиздан фуқаролар хабардор бўлишлари керак.

                А.АХМЕДОВ.

Туман адлия бўлими бошлиғи.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.