Нурота чашмасининг сирли жиҳатига бу ернинг табиий ўрни ва булоқнинг шифобахш хусусиятлари ҳам сабаб бўлган. Шунингдек, чашма суви таркибидаги фосфор моддаси сувнинг ва балиқларнинг товланиб туришини таъминлаб, жозибали кўриниш пайдо қилади.

Нурота чашмасининг суви минглаб километр ерости йўлакларидан сониясига 290 литр миқдорида оқиб чиқади. Чашма суви қишин-ёзин бир хил — 19,5 даража илиқ бўлади.

Минг йиллар давомида оқиб турган чашманинг музлаши ҳеч кузатилмаган, у минераллашган юмшоқ ичимлик сувидир. Аниқланишича, мазкур сувнинг таркибида олтин моддаси бор, у ошқозон-ичак хасталикларига даво. Сувдаги йод моддаси буқоқ касаллигига, ноёб бром моддаси эса асаб касалликларига шифо эканлиги қадимдан маълум. Унинг таркибидаги кумуш эритмаси эса сув таркиби яхши сақланишини таъминлайди.

Чашма сувининг 80 фоизи ер қаъридан чиқиб турса, қолган 20 фоизи ерости йўлакларидан ва қудуқ томонидан келиб бутун шаҳарга ҳаёт бахш этади. Мазкур чашмадан тарихда энг кўпи сониясига 460 литргача сув чиққан бўлса, қурғоқчилик йиллари энг ками сониясига 180 литр сув чиққан. Муқаддас чашма сувидан бугунги кунда кўплаб зиёратчилар ва чет элдан келган сайёҳлар ҳам олиб кетадилар.

Нурота чашмасининг балиқлари тоғ дарёларида учрайди, фан тилида сутбалиқ, яъни дарё маринкаси деб аталади. Мазкур балиқлар ўртача 17 йил яшаб, умри давомида чашма суви чиқадиган ариқчаларни қумлардан тозалайди, сувнинг мўътадил келишини таъминлаб, ҳатто уни филтрлаб беради.

Қизиғи шундаки, балиқлар ҳеч қандай ташқи озуқасиз, сув таркибидаги микрорганизмлар ва минераллардан озиқланиб яшайверади. Шу боис ўтмишда баъзилар уларни «авлиёбалиқ» деб ҳам аташган.

Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, ўтган аср бошларида рус аскарларининг ўлимига ҳам айнан шу балиқ истеъмоли сабаб бўлган. Огоҳлантиришга қарамай, улар «авлиёбалиқ»дан овлаб ейишган ва шу заҳоти вафот этишган.

Ростан ҳам бу балиқларни истеъмол қилиб бўлмайди, чунки уларнинг ичида қора пардаси бўлиб, увилдириғи заҳарли, уни тозаламасдан истеъмол қилган одамнинг терисида доғлар пайдо бўлади, кўпроқ истеъмол қилса, ўлимга олиб келади. Бу илоҳий маскан бугунги кунга келиб обод қилинган, унинг ёнида хиёбон, фавворалар, ям-яшил дарахтзору гулзорлар барпо этилган. Сир-асрорларга тўла Нурота чашмасидан хорижлик сайёҳлар ва юртдошларимизнинг қадами узилмайди.

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР